Иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда юзага келаётган муаммолар
Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судларига Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аъзоларининг манфаатларини кўзлаб 985 та даъво аризалари киритилган бўлиб, шундан Келиб тушган даъво аризаларининг 2 тасини қабул қилиш рад этилган,
63 та даъво аризалари эса қайтарилган. 660 та даъво аризаларига асосан қўзғатилган иқтисодий ишлар мазмунан кўриб чиқилган. Кўрилган ишларнинг 526 таси қаноатлантирилган, 32 таси рад этилган, 90 таси кўрмасдан қолдирилган, 12 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 260 та ишлар ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган.
Шу каби ва Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида, 2022 йил 29 июнь куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида “Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар манфаатида иқтисодий судларга мурожаат қилишда юзага келаётган мавжуд муаммолар, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган тўсиқлар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар” мавзусида вилоят ҳудудида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда иштирок этган вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов, вилоят суди судьялари А.Сувонқулов, Ҳ.Мамарасулов ва Э.Соибназаровлар ҳамда Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Набиевлар томонидан тадбир иштирокчиларининг Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда юзага келаётган муаммолар ва таклифлари тингланди. Хусусан, олтита оғзаки мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. Тадбир давомида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди.
Мухтасар қилиб айтганда, тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад қонунчиликда белгиланган тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини амалда таъминланишига эришиш, иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишдаги мавжуд камчилик ва муаммоли вазиятларнинг олдини олиш орқали Савдо-саноат палатасининг аъзолари ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларга ҳуқуқий ёрдам бериш, охир-оқибатда уларнинг асоссиз оворагарчилигига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат бўлди.
Элёрбек Соибназаров,
Сирдарё вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси