Фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тикланадими?

Савол: Фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасида ер участкасини 49 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилса-ю сўнг туман ҳокимининг яна бошқа қарори билан фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ушбу ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиниб, бошқа фермер хўжалигига ажратиб берилса  аввалги фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тикланадими?

  Жавоб:  Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Қонуни 33-моддасига кўра, мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонунларига мувофиқ талаб қилиб олиш ҳуқуқига эгадир.

  Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмасада, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.

Бу ҳолатга қуйидаги иқтисодий ишни мисол қилиб келтирадиган  бўлсак, туман ҳокимининг тегишли қарорига асосан  фермер хўжалиги раҳбарининг аризаси қаноатлантирилиб, унга вақтинчалик туман ҳокимлиги заҳирасидаги  ўтлоқ ва яйлов қўшимча равишда ажратиб берилган ва  фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида 54,7 га ер участкасини 49 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган. Шундан сўнг туман ҳокимининг яна бир қарори билан  фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган  жами 12,3 га ер майдонлари туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинган. Туман ҳокимининг тегишли қарори билан эса  фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ва туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинган жами 12,3 га ер майдонларибошқа бир фермер хўжалигига ажратиб берилган. Мазкур фермер билан ҳам  туман ҳокимлиги ўртасида  425 га ер участкасини 39 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган. Бундан табиийки, ернинг аввалги фойдаланувчиси норози бўлиб, туман маъмурий судига мурожаат қилган.

Туман маъмурий судининг  ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимининг тегишли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Бироқ, туман ҳокимлиги томонидан маъмурий суднинг ҳал қилув қарори ижроси таъминланмаган ва  фермер хўжалигига ижара асосида тегишли бўлган жами 12,3 га ер майдонлари фермерга қайтарилмаган.

Шундан сўнг  фермер хўжалиги маъмурий судга яна мурожаат қилиб, туман ҳокимининг 2019 йил 30 январдаги №632-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва туман ҳокимлигига   12,3 га ер майдонларини фермер хўжалигига тегишли эканлиги мажбуриятини юклашни сўраган.

Натижада маъмурий суднинг қарорига асосан туман ҳокимининг 2019 йил 30 январдаги №632-сонли қарорига қисман ўзгартириш киритилган.

Фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тиклангандан сўнг “С” фермер хўжалигига  талабнома билан мурожаат қилинибб, ўзига ижара асосида тегишли бўлган 12,3 га ер майдонини ихтиёрий равишда бўшатиб топширишни сўраган. Аммо “С” фермер хўжалиги “Ш” фермер хўжалигининг ушбу талабномасини оқибатсиз қолдириб, ер майдонини бўшатиб бермаган. Шундан сўнг “Ш” фермер хўжалиги иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланган ва  “Ш” фермер хўжалигининг даъво талаблари иш ҳужжатлари ва туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблаб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантириб, “С” фермер хўжалигини жами 12,3 га ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни лозим топган.

Мажбурий тартибда чиқариш ижроси туман мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилган.

 

Садоқат Шомуратова

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди архив мудири