Кредит қарздорлик ва қарзни ундиришнинг бир-биридан фарқи борми?
Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.
Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.
Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
Ҳозирги кунда қарз муносабатларининг энг кўп тарқалган қисми тилхат асосида амалга ошириб келинмоқда, бу яхши албатта. Бироқ шартноманинг нотариал шаклда расмийлаштирилиши тарафлар ўртасида келгусида турли хил келишмовчиликларни олди олиниши учун хизмат қилади. Чунки, нотариус томонидан мазкур шартноманинг бажариш шартлари ва бажармаслик оқибатлари, мажбуриятларни бажариш тартиби аниқ белгилаб берилади.
Қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган шартномада кўрсатилган фоизларни тўлаш баробарида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича банк фоизини ҳам талаб қилиш учун асос бўлади.
Мисол: даъвогар фуқаро судга жавобгар фуқарога нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, 6.000.000 сўм қарзни ҳамда қарз мажбурияти ўз вақтида бажарилмаганлиги туфайли банк фоизини ундиришни сўраган.
Иш ҳолатларига кўра, жавобгар фуқаро томонидан 2016 йил 2 октябрда ёзилган тилхатда у даъвогар фуқародан 6.000.000 сўм қарз олганлиги, қарзни бир ой муддатда қайтариб бериши кўрсатилган.
Бироқ, жавобгар қарзни шартномада кўрсатилган муддатда қайтармаганлиги оқибатида даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра даъво қаноатлантирилган ҳамда тегишли қарз суммаси ва банк фоизи ундирилиши белгиланган.
Яна амалиётда шундай ҳолатлар учрайдики, бу ҳозирги кунда аҳоли орасида одатий ҳолатга айланмоқда.
Ҳаммамизга маълумки, автомашинани тасарруф этиш билан боғлиқ муносабатлар тарафлар ўртасида тузилган нотариал тасдиқланган шартномалар билан тартибга солинади ҳамда албатта ИИБ ЙХҲБда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Шу сабабли нотариал тарзда тасдиқланмаган битим ҳақиқий ҳисобланмайди.
Алоҳида қайд этишни лозим ҳисоблардим, агарда мана шу муносабатларда пул олиниб, бу ҳолатни тасдиқловчи тилхат мавжуд бўлса, бу муносабатга қарз эмас, балки Фуқаролик кодексига мувофиқ асоссиз бойлик орттиришга оид нормалар татбиқ этилади.
Қарз шартномасини расмийлаштириш жараёнида тилхат ёки қарз шартномасини қарз олувчининг ўзи имзолаши лозим. Тилхат ёки қарз шартномаси мавжуд бўлмаганлиги асоси билан қарзни ундиришни талаб қилиш фуқаролар ўртасида турли норозиликларга ва оворагарчиликларга сабаб бўлади.
Шу сабабли албатта қарз бериш жараёнида қарз олувчидан тилхат талаб қилиш ёки қарз шартномасини расмийлаштириш жоиз бўлади.
Суд амалиётида қарзни ундириш ҳақидаги талаблар бўйича қарз олувчилар томонидан қарзни қайтарилганлиги важи билан қарзни қайтармаслик ҳолатлари кўплаб учрайди.
Шуни алоҳида эътиборга олиш лозимки, қарз олувчи томонидан муайян суммадаги қарз мажбуриятини бажарилганлиги ҳолати бўйича қарз берувчидан тилхат олиш ёки ўзи ёзган тилхатни талаб қилиши лозим. Чунки, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозимлиги туфайли қарз қайтарилганлигини гувоҳлар кўрсатмаси билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Бугунги кунда иқтисодиётимизни мақсадли кредитларсиз тасаввур қилиш қийин. Албатта олинган маблағ мақсадсиз ишлаштилиши шартномани бекор қилишга олиб келиши мумкин.
ФКнинг 744-моддасига мувофиқ, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Шу ўринда қарз шартномаси ва кредит шартномаси ўртасидаги фарққа изоҳ берсак, қарз фуқаролар ёки юридик шахслар ўртасидаги муносабат бўлса, кредит эса банк ёки кредит ташкилоти томонидан ажратиладиган қарз ҳисобланади ҳамда албатта муайян фоиз ҳисобида берилади, қарз шартномаси фоизсиз ҳам берилиши мумкин.
Кредит шартномаси албатта ёзма шаклда тузилиши лозим, унинг ёзма шаклига риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
Одатда шартномада
нима мақсадда пул маблағи ажратилаётганлиги,
шартноманинг амал қилиш муддати,
тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари,
тўлов жадвали, низоларни ҳал этиш тартиби назарда тутилади.
Кредит шартномаси бўйича қўшимча қарз олувчи ҳамда кафиллик қарз олувчи билан бир хил солидар жавобгар ҳисобланишади.
Бундан ташқари кредит шартномаси бўйича қарз мажбуриятларини кафолати сифатида гаров шартномаси асосида муайян мулклар гаровга қўйилиши мумкин, бу нарса кредитни мақсадидан келиб чиқади.
Мазкур ҳолатда кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш гаровга қўювчининг мулкига қаратилиши мумкин бўлади. Бунда гаровга қўювчи кредит шартномаси бўйича фақатгина гаров мулки билангина жавобгар бўлиб ҳисобланади.
Кредит шартномасидаги тўловни белгиланган жадвал (график) асосида қайтариш ҳамда мақсадли ишлатиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Акс ҳолда кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинишига сабаб бўлади.
Мисол тариқасида Банк ташкилоти судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар фуқарога нисбатан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарзи ва фоизларинини ундиришни, ундирувни гаров мулкига қаратишни сўраган.
Иш ҳолати бўйича тарафлар ўртасида кредит шартномаси расмийлаштирилган, унинг шартларига кўра қарз олувчи шартнома бўйича ҳар ойнинг 25 санасида тўловларни график бўйича амалга ошириш мажбуриятини олган, бироқ график бўйича тўловларни 3 ой кечиктирган.
Шартнома шартига кўра, тўлов графиги бўйича тўловларни 2 ой кечиктирилиши шартномани муддатидан олдин бекор қилиш учун сабаб бўлади.
Мазкур ҳолатда суд шартнома шартлари қарздор томонидан бузилганлиги туфайли даъвони қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.
Қолаверса, шуни унутмаслик лозимки кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бажаришдан ташқари даъво қаноатлантирилган ҳолатларда талаб суммасига мутаносиб миқдорда жавобгардан давлат фойдасига давлат божи ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ПЛЕНУМИнинг 2020 йил 28 апрелдаги “Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 08-сонли қарорининг 13-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони қоидаларини инобатга олган ҳолда, агар 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган давр мобайнида кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ишларни кўришда қарздор томонидан кредит бўйича тўловлар карантиннинг амал қилиш даврида молиявий қийинчиликларга дуч келганлиги сабабли кечиктирилганлиги ва шу сабабли қарздор кечиктириш ҳуқуқига эга эканлиги аниқланса, банк томонидан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилиши лозим. Бундай қарор жорий этилган карантин режими қарздорларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатганлиги аниқланиб, қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига жарима санкцияларини ундириш ва ундирувни гаров таъминотига қаратиш тўғрисидаги даъволар бўйича ҳам қабул қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, қарз берувчи ва қарз олувчи асрлар давомида амалда бўлиб келган миллий урф-одатларимизга, амалдаги қонун талабларига риоя қилсалар, фуқаролар ўртасида турли низолар келиб чиқишига, ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилади.
Матлюба Умматқулова
Сирдарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси