Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид

 

Ўзбекистон Республикасини ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишда давлат ва жамият ҳаётининг барча сохаларида коррупцияга қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакиллантириш муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатда коррупцияга қарши курашиш сохасида қонун ҳужжатлари, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, бу сохада ҳуқуқий асос яратилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 2 февралдаги                     ПҚ-2752-сонли Қарори билан 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди.

Ушбу Қарор ва Дастурга асосан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди.

Ушбу Комиссиянинг асосий вазифалари этиб, -коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш; -коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш; -аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш; -коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш; -коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш; -коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш; -коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш; -коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифаларни ижросини таъминлаш каби вазифаларни амалга ошириш белгиланди.

Жамият ривожланиш босқичида коррупция иллати дастлаб иқтисодиёт асосларига қарши қаратилган салбий ҳодиса сифатида баҳоланган. Бунда, муайян иқтисодиёт субъектларига прифренциялар бериш, солиқларни яшириш, назорат қилинмайдиган (яъни солиқ ҳисобланмайдиган) хуфия иқтисодиётни яратиш ва шу каби ҳолатларга имкон берувчи шарт-шароит сифатида ривожланган бўлса, коррупциянинг бугунги кун ҳолатида нафақат иқтисодиёт асосларига, балким, ҳокимият, бошқарув ва жамаоат бирлашмалари органларининг нормал фаолиятига қарши қаратилган жиноий ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.

Порахўрлик – бошқарув органлари ва жамоат бирлашмалари фаолияти тартибига қарши қаратилган уч мустақил мансаб жиноятлари  – пора олиш, пора бериш ва пора олиш беришда воситачилик қилишни ўзи ичига оладиган атама. Кўрсатилган манфаатларга нисбатан санаб ўтилган ҳар бир тажовуз тугатилган қилмиш сифатида бошқа жиноят билан боғлиқ бўлмаган ҳолда содир этилиши мумкин эмас. Улар ушбу туфайли бир-бири билан шу даражада боғлиқ бўладики, пора олиш фактининг мавжуд эмаслиги пора бериш фактини ҳам истисно этади.

Ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бошқа барча жиноятлар каби порахўрлик давлат органлари ва мансабдор шахслардан иборат бўлган бошқарув оммавий аппаратининг нормал фаолият юритишига тажовуз қилади.

Мазкур жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шу билан изоҳланадики, пора олиш мансабдор шахслар томонидан ўзларининг мансаб ваколатларини ижро этишнинг ўрнатилган тартибини кескин ўзгартиради ва бу билан давлат хизмати манфаатларини қўпол бузади. Пора коррупция – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли жиноий ҳодисанинг нисбатан кўп тарқалган ва ўзига хос ҳодисаси ҳисобланади.

 

Нодирбек Сангиров,

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди судьяси

Файзиддин Сахобиддинов,

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири