Агар ходимнинг меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермасангиз…

Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва уларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш механизмини такомиллаштириш, ижтимоий-меҳнат соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4502-сон қарори қабул қилинган.

Қарор билан қуйидагилар белгиланган:

– Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги) 2020 йил 1 январдан «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини («ЯММТ» ИДАК) жорий қилиш;

– 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатларини «ЯММТ» ИДАКда мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилиши, бунда 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан «ЯММТ» ИДАКда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Меҳнат шартномаларини «ЯММТ» ИДАКда рўйхатдан ўтказиш белгиланган тартибда иш берувчи томонидан амалга оширилади;

– 2020 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида «ЯММТ» ИДАКда автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари жорий этилади;

– Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «ЯММТ» ИДАКнинг балансда сақловчиси ҳисобланади;

– «ЯММТ» ИДАКдан фойдаланиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун бепул ҳисобланади. «ЯММТ» ИДАКни ишлаб чиқиш, кузатиб бориш, таъминлаш ва такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Меҳнат қонунчилигида ходимнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш усулларидан бири бу унинг фойдасига иш берувчидан мажбурий прогул вақти учун ҳақ ундиришдир.

Даъвогар А.А юқоридаги қайд этилган норматив ҳуқуқий ҳужжатга ҳамда Меҳнат кодексига асосан бузилган меҳнат ҳуқуқини тиклаш мақсадида судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда меҳнат дафтарчаси ўз вақтида бермаганлиги учун жавобгар ХХдан 100.000.000 сўм моддий зарар (мажбурий прогул) ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2023 йил 10 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилган.

Унга кўра, жавобгар ХХдан даъвогар А.Анинг фойдасига мажбурий прогул вақти учун 45.021.551 сўм ундирилиши белгиланган.

Аниқланишича, даъвогар А.А жавобгар ХХда бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган.

Жавобгар ХХ бошлиғининг 2009 йил 20 декабрдаги буйруғига кўра, даъвогар А.А Ички тартиб қоидаларини қўпол равишда бузганлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Жавобгар ХХ томонидан даъвогар А.Ага меҳнат дафтарчаси 2022 йил 11 июлда почта орқали юборилган.

Даъвогар А.А Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил 31 октябрдаги ПҚ-4502-сонли қарорига асосан ягона миллий меҳнат тизимида фаол меҳнат шартномасига эга бўлмаган ҳамда жавобгар томонидан электрон меҳнат дафтарчасига унинг ишлаган даврлари бўйича ёзувлар киритилмаган.

Апелляция инстанцияси жавобгар томонидан даъвогарга меҳнат дафтарчаси 2022 йил 11 июлда юборилганлигини инобатга олиб, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги қисмини ўзгартириб, жавобгардан даъвогар фойдасига меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун 2010 йил 1 январдан 2022 йил 11 июлга қадар бўлган давр учун 56.126.062 сўм ундиришни лозим топган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ходимнинг меҳнат шартномасига асосан ишлаган даврида ҳамда меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейинги даврларда ҳуқуқлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан кафолатланган.

 

Анвар Жўрабоев

Сирдарё вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судьяси