Қидирув:

Иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда юзага келаётган муаммолар

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судларига Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аъзоларининг манфаатларини кўзлаб 985 та даъво аризалари киритилган бўлиб, шундан Келиб тушган даъво аризаларининг 2 тасини қабул қилиш рад этилган,
63 та даъво аризалари эса қайтарилган. 660 та даъво аризаларига асосан қўзғатилган иқтисодий ишлар мазмунан кўриб чиқилган. Кўрилган ишларнинг 526 таси қаноатлантирилган, 32 таси рад этилган, 90 таси кўрмасдан қолдирилган, 12 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 260 та ишлар ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган.

Шу каби ва Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида, 2022 йил 29 июнь куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида “Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар манфаатида иқтисодий судларга мурожаат қилишда юзага келаётган мавжуд муаммолар, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган тўсиқлар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар” мавзусида вилоят ҳудудида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда иштирок этган вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Рахимов, вилоят суди судьялари А.Сувонқулов, Ҳ.Мамарасулов ва Э.Соибназаровлар ҳамда Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Набиевлар томонидан тадбир иштирокчиларининг Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишда юзага келаётган муаммолар ва таклифлари тингланди. Хусусан, олтита оғзаки мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. Тадбир давомида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди.

Мухтасар қилиб айтганда, тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад қонунчиликда белгиланган тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини амалда таъминланишига эришиш, иқтисодий судларга даъво аризаларини киритишдаги мавжуд камчилик ва муаммоли вазиятларнинг олдини олиш орқали Савдо-саноат палатасининг аъзолари ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларга ҳуқуқий ёрдам бериш, охир-оқибатда уларнинг асоссиз оворагарчилигига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат бўлди.

 

Элёрбек Соибназаров,

Сирдарё вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

 

Адашганларга имкон берилди

Янгиер шаҳри «Наврўзобод»  маҳалласи биносида Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.  Унда Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан жами тўққиз нафар махкум тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш хақидаги тақдимномалари тўпланган хужжатлар билан биргаликда кўриб чиқилди.  Сайёр суд мажлисида Янгиер шаҳар прокурори ёрдамчиси  ҳамда Янгиер шаҳар ИИБ пробация гуруҳи катта инспекторининг Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг тақдимномасини қаноатлантириш хақидаги фикрлари эшитилиб, махкумлар тингланди. Уларнинг шахси инобатга олиниб, шунингдек Жиноят Кодексининг 73-моддасида белгиланган жазо муддатини хақиқатда ўташганлиги инобатга олиниб, Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғининг тақдимномаларини қаноатлантириш хақида ажримлар чиқарилди.

Ажримга кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан тўққиз нафар махкумлар ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоларини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Шунингдек ўтказилган суд жараёнида назорат остидаги шахсларларга  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жазонинг ўталмаган қисмида қасддан янги жиноят содир этган тақдирда  жавобгарлик масаласи тушунтирилди.

Жамшид Хайдаров

жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси

Қарздорлик судгача бориб етганида

Сир эмаски, давлат бюджети учун коммунал тўловларнинг аҳамияти солиқ ва бошқа йиғимлардан кам эмас. Ўрнини тўлдириб бўлмайдиган табиий ресурслар учун тўловларнинг ўз вақтида тўланмаслиги масъул давлат муассасаларининг қарздорликни суд тартибида мажбурий ундириш юзасидан даъво аризаси (ариза) билан мурожаат қилишлари учун асос ҳисобланади.

   Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Сирдарё вилоятининг туманлараро иқтисодий судларига Сирдарё вилоят туманлараро иқтисодий судларига табиий газ, электр энергияси ҳамда сув таъминоти бўйича қарздорликларни ундириш юзасидан жами 136 та даъво ариза (ариза)лар келиб тушган бўлиб, шундан 6 та даъво ариза (ариза)лар қайтарилган. Жами 117 та даъво ариза (ариза)лар иш юритишга қабул қилиниб, шундан 83 та даъво ариза (ариза)лар қаноатлантирилган, 2 та даъво ариза (ариза)ларни қаноатлантириш рад этилган, 5 та даъво ариза (ариза)лар эса кўрмасдан қолдирилган.

   Мазкур тоифадаги даъво аризалари (аризалар)ни иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларга киритишда йўл қўйилаётган камчилик ҳамда муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида, 2022 йил 21 июнь куни Сирдарё вилоят судининг катта мажлислар залида “Коммунал ташкилотлар томонидан даъво ариза (ариза)ларни судларга тайёрлаш, тақдим этиш ҳамда ишларни кўришда юзага келаётган мавжуд муамммолар, ҳужжатларни судларга тайёрлашда маъсул бўлган ходимлар томонидан бажарилиши лозим бўлган вазифалар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш” мавзусида “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг ҳудудий корхоналари, “Сирдарё сув таъминот” МЧЖ, “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали ҳамда Савдо-саноат палатасининг Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раиси ва вилоят судининг судьялари томонидан судлов ҳайъати томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра коммунал қарздорликларни ундириш бўйича қабул қилиш рад этилган, қайтарилган, кўрмасдан қолдирилган ва рад этилган даъволар бўйича суд амалиётида маъсул ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар алоҳида таъкидлаб ўтилиб, юзага келаётган камчиликларни бартараф этиш, муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди. Шу билан бирга тадбир қатнашчиларнинг мавзу юзасидан таклифлари ва фикрлари тингланди.    

Қисқа қилиб айтганда, тадбирни ташкил этишдан мақсад, фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга табиий газ, электр энергияси ҳамда сув таъминоти бўйича қарздорликларни ундириш юзасидан даъво ариза (ариза)ларни киритишдаги мавжуд камчилик ва муаммоли вазиятларнинг олдини олиш орқали мутасадди ташкилотлар ҳамда истеъмолчи ҳисобланган юридик ва жисмоний шахсларнинг асоссиз оворагарчилигига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат бўлди.

 

Элёрбек Соибназаров,

Сирдарё вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

 

Кредит қарздорлик ва қарзни ундиришнинг бир-биридан фарқи борми?

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Ҳозирги кунда қарз муносабатларининг энг кўп тарқалган қисми тилхат асосида амалга ошириб келинмоқда, бу яхши албатта. Бироқ шартноманинг нотариал шаклда расмийлаштирилиши тарафлар ўртасида келгусида турли хил келишмовчиликларни олди олиниши учун хизмат қилади. Чунки, нотариус томонидан мазкур шартноманинг бажариш шартлари ва бажармаслик оқибатлари, мажбуриятларни бажариш тартиби аниқ белгилаб берилади.

Қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган шартномада кўрсатилган фоизларни тўлаш баробарида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича банк фоизини ҳам талаб қилиш учун асос бўлади.

Мисол:  даъвогар фуқаро судга жавобгар фуқарога нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, 6.000.000 сўм қарзни ҳамда қарз мажбурияти ўз вақтида бажарилмаганлиги туфайли банк фоизини ундиришни сўраган.

Иш ҳолатларига кўра, жавобгар фуқаро томонидан 2016 йил                         2 октябрда ёзилган тилхатда у даъвогар фуқародан 6.000.000 сўм қарз олганлиги, қарзни бир ой муддатда қайтариб бериши кўрсатилган.

Бироқ, жавобгар қарзни шартномада кўрсатилган муддатда қайтармаганлиги оқибатида даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра даъво қаноатлантирилган ҳамда тегишли қарз суммаси ва банк фоизи ундирилиши белгиланган.

Яна амалиётда шундай ҳолатлар учрайдики, бу ҳозирги кунда аҳоли орасида одатий ҳолатга айланмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, автомашинани тасарруф этиш билан боғлиқ муносабатлар тарафлар ўртасида тузилган нотариал тасдиқланган шартномалар билан тартибга солинади ҳамда албатта ИИБ ЙХҲБда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Шу сабабли нотариал тарзда тасдиқланмаган битим ҳақиқий ҳисобланмайди.

Алоҳида қайд этишни лозим ҳисоблардим, агарда мана шу муносабатларда пул олиниб, бу ҳолатни тасдиқловчи тилхат мавжуд бўлса, бу муносабатга қарз эмас, балки Фуқаролик кодексига мувофиқ асоссиз бойлик орттиришга оид нормалар татбиқ этилади.

Қарз шартномасини расмийлаштириш жараёнида тилхат ёки қарз шартномасини қарз олувчининг ўзи имзолаши лозим. Тилхат ёки қарз шартномаси мавжуд бўлмаганлиги асоси билан қарзни ундиришни талаб қилиш фуқаролар ўртасида турли норозиликларга ва оворагарчиликларга сабаб бўлади.

Шу сабабли албатта қарз бериш жараёнида қарз олувчидан тилхат талаб қилиш ёки қарз шартномасини расмийлаштириш жоиз бўлади.

Суд амалиётида қарзни ундириш ҳақидаги талаблар бўйича қарз олувчилар томонидан қарзни қайтарилганлиги важи билан қарзни қайтармаслик ҳолатлари кўплаб учрайди.

Шуни алоҳида эътиборга олиш лозимки, қарз олувчи томонидан муайян суммадаги қарз мажбуриятини бажарилганлиги ҳолати бўйича қарз берувчидан тилхат олиш ёки ўзи ёзган тилхатни талаб қилиши лозим. Чунки, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозимлиги туфайли қарз қайтарилганлигини гувоҳлар кўрсатмаси билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Бугунги кунда иқтисодиётимизни мақсадли кредитларсиз тасаввур қилиш қийин. Албатта олинган маблағ мақсадсиз ишлаштилиши шартномани бекор қилишга олиб келиши мумкин.

ФКнинг 744-моддасига мувофиқ, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Шу ўринда қарз шартномаси ва кредит шартномаси ўртасидаги фарққа изоҳ берсак, қарз фуқаролар ёки юридик шахслар ўртасидаги муносабат бўлса, кредит эса банк ёки кредит ташкилоти томонидан ажратиладиган қарз ҳисобланади ҳамда албатта муайян фоиз ҳисобида берилади, қарз шартномаси фоизсиз ҳам берилиши мумкин.

Кредит шартномаси албатта ёзма шаклда тузилиши лозим, унинг ёзма шаклига риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Одатда шартномада

нима мақсадда пул маблағи ажратилаётганлиги,

шартноманинг амал қилиш муддати,

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари,

тўлов жадвали, низоларни ҳал этиш тартиби назарда тутилади.

Кредит шартномаси бўйича қўшимча қарз олувчи ҳамда кафиллик қарз олувчи билан бир хил солидар жавобгар ҳисобланишади.

Бундан ташқари кредит шартномаси бўйича қарз мажбуриятларини кафолати сифатида гаров шартномаси асосида муайян мулклар гаровга қўйилиши мумкин, бу нарса кредитни мақсадидан келиб чиқади.

Мазкур ҳолатда кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш гаровга қўювчининг мулкига қаратилиши мумкин бўлади. Бунда гаровга қўювчи кредит шартномаси бўйича фақатгина гаров мулки билангина жавобгар бўлиб ҳисобланади.

Кредит шартномасидаги тўловни белгиланган жадвал (график) асосида қайтариш ҳамда мақсадли ишлатиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Акс ҳолда кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинишига сабаб бўлади.

Мисол тариқасида Банк ташкилоти судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар фуқарога нисбатан кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарзи ва фоизларинини ундиришни, ундирувни гаров мулкига қаратишни сўраган.

Иш ҳолати бўйича тарафлар ўртасида кредит шартномаси расмийлаштирилган, унинг шартларига кўра қарз олувчи шартнома бўйича ҳар ойнинг 25 санасида тўловларни график бўйича амалга ошириш мажбуриятини олган, бироқ график бўйича тўловларни 3 ой кечиктирган.

Шартнома шартига кўра, тўлов графиги бўйича тўловларни 2 ой кечиктирилиши шартномани муддатидан олдин бекор қилиш учун сабаб бўлади.

Мазкур ҳолатда суд шартнома шартлари қарздор томонидан бузилганлиги туфайли даъвони қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Қолаверса, шуни унутмаслик лозимки кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни бажаришдан ташқари даъво қаноатлантирилган ҳолатларда талаб суммасига мутаносиб миқдорда жавобгардан давлат фойдасига давлат божи ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ПЛЕНУМИнинг 2020 йил                  28 апрелдаги “Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 08-сонли қарорининг 13-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони қоидаларини инобатга олган ҳолда, агар 2020 йил            1 октябрга қадар бўлган давр мобайнида кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ишларни кўришда қарздор томонидан кредит бўйича тўловлар карантиннинг амал қилиш даврида молиявий қийинчиликларга дуч келганлиги сабабли кечиктирилганлиги ва шу сабабли қарздор кечиктириш ҳуқуқига эга эканлиги аниқланса, банк томонидан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилиши лозим. Бундай қарор жорий этилган карантин режими қарздорларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатганлиги аниқланиб, қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига жарима санкцияларини ундириш ва ундирувни гаров таъминотига қаратиш тўғрисидаги даъволар бўйича ҳам қабул қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, қарз берувчи ва қарз олувчи асрлар давомида амалда бўлиб келган миллий урф-одатларимизга, амалдаги қонун талабларига риоя қилсалар, фуқаролар ўртасида турли низолар келиб чиқишига, ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилади.

Матлюба Умматқулова

Сирдарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

Фарзандларини онасига бергиси келмаган ота

«Муомаласига қараб мен ҳам муомала қиламан: инжиқ, ҳарактери бўлмағур… ‘набород’ болаларга ёмон таъсирини ўтказаяпти бу аёл!» — Сирдарёда 4 нафар фарзанди бўлган 22 йилллик оила ярашди.

 

Сирдарё тумани ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди

Сирдарё вилояти маъмурий суди апелация инстанциясининг 2022 йил 1 февралдаги қарори билан, аризачи “SAYXUN GULZORLARI” фермер хўжалигининг аризаси қаноатлантирилиб, Сирдарё тумани ҳокимининг 2019 йил 16 январдаги 141-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.  Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 30 мартдаги қарори билан Сирдарё вилоят маъмурий суди апелация инстанциясининг 2022 йил 1 февралдаги қарори ўзгаришсиз, “IZDIYOD KLASTER” кўп тармоқли фермер хўжалигининг кассация шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги инобатга олинган.

Гулистонда ўқувчи судланди

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг навбатдаги очиқ суд мажлисида, 16-мактабнинг 9-синф ўқувчиси томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилди.

ЖИБ Гулистон шаҳар судининг судьяси Музаффар Омоновнинг маълум қилишича, мактаб ўқувчиси ўзганинг уйига ғайриқонуний равишда ясалган калит нусхаси билан кириб, ушбу уйдан 8 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб — воқеа жойидан яширинган. Унга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган.

Бугун таваллуд кун

Бугун Сирдарё вилояти суди раисининг ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Қурбонов Бобошер Хидировичнинг таваллуд топган куни.
Вилоят суди жамоаси номидан Бобошер Хидировичга оилавий бахт, ҳотиржамлик ва саломатлик, узоқ умр тилаб қоламиз.
Суд тизимидаги узоқ йиллик фаъолиятингиз давомида эришган ютуқларингиз бардавом бўлиб, ҳамиша шогирдларингиз эътирофига сазовор бўлишингизга тилакдошмиз.
Ҳаётингиз мобайнида ютуқлар, эхтиром ва эзгу ниятлар ҳамрохингиз бўлсин. Ҳамкасблар ва оила аъзоларингиз бахтига ҳамиша соғ бўлинг.

Ҳурмат билан,
Сирдарё вилояти судининг жамоаси

СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИДА МУЛКНИНГ АМОРТИЗАЦИЯСИ

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори солиқ қонунчилигини ислоҳ қилиш, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ мажбуриятларини енгиллаштириш, имтиёзлар бериш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ишларнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сон Қонуни билан 2007 йил 25 декабрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-360-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил                   7 январдаги 1-сонли қарори билан “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида” ги Низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2021 йил 2 ноябрдаги манфаатдор вазирлик, агентлик, уюшма ва бошқа ташкилотлар билан келишилган 68-сонли буйруғи билан “Давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлар сметаси ҳамда молиявий ҳисоботларини тузиш, тасдиқлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисида” ги Низом тасдиқланди ва ҳоказо.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятининг моддий-техника базаси, асосий воситалар, бинолар, иншоотлар, машина ва ускуналар, хизмат муддати бир йилдан кўп бўлган бошқа воситалари мулк ҳисобланади.

Барчамизга маълум бўлган хусусият, субъектларнинг асосий воситалари фойдаланиш жараёнида аста-секин эскириб боради. Бу эскиришнинг иқтисодий моҳияти шундан иборатки, асосий воситалар ўз қийматини ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархига ўтказиб, истеъмол қийматини аста-секин йўқотиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 306-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи амортизация қилинадиган активлар сифатида ҳисобга оладиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизация қилинадиган активлар деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикасида бирлик учун белгиланган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдоридан юқори бўлган, солиқ тўловчида мулк ҳуқуқи асосида турган ва солиқ тўловчи томонидан товарларни ишлаб чиқаришда (хизматлар кўрсатишда) ёки маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун давомийлиги ўн икки ойдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланиладиган мол-мулк солиқ солиш мақсадларида асосий восита деб эътироф этилади.

Солиқ тўловчи солиқ даври учун солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида мол-мулк қийматини асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун мол-мулкнинг энг кам чегарасини белгилашга ҳақли.

Солиқ қонунчилигига кўра, қуйидаги активлар амортизация қилинмайди:

1) ер ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);

2) маҳсулдор чорва моллари;

3) ахборот-кутубхона фонди;

4) музей ашёлари;

5) моддий маданий мерос объектлари;

6) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлкалар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;

7) қиймати солиқ солиш мақсадида ушбу солиқ тўловчида илгари тўлиқ харажатлар жумласига киритилган амортизация қилинадиган актив;

8) солиқ тўловчи томонидан амортизация қилинадиган активлар таркибига ўтказилмаган капитал қўйилмалар;

9) бюджет ташкилотларининг амортизация қилинадиган активлари, бундан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилиши муносабати билан сотиб олинган ва бундай фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган амортизация қилинадиган активлар мустасно;

10) мақсадли молиялаштиришнинг бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинган (яратилган) амортизация қилинадиган активлар.

Ижарага берувчининг розилиги билан ижарага ва бепул фойдаланишга берилган амортизация қилинадиган активга ижарага олувчи томонидан амалга оширилган ажратиб бўлмайдиган яхшилаш шаклидаги капитал қўйилмалар ҳам амортизация қилинадиган актив деб эътироф этилади.

Молиявий ижара шартномаси (лизинг шартномаси) бўйича олинган амортизация қилинадиган актив ижара (лизинг) объектини олувчида амортизация қилинадиган активлар таркибига киритилади.

Асосий воситаларнинг баланс қийматига нисбатан бир йиллик фоизлар ҳисобида белгиланади ва давлат томонидан ягона тартибда тасдиқланади. Ўрнатилган меъёрлар барча субъектлар учун ягона ва мажбурий бўлиб ҳисобланади.

Амортизация қилинадиган барча активлар бўйича амортизацияни ҳисоблаш амортизациянинг қуйидаги энг юқори нормалари қўлланилган ҳолда тўғри чизиқли усул орқали фоизларда амалга оширилади:

Биринчи гуруҳ тоифасига кирувчи биноларга беш фоиз, иншоотларга эса ўн фоиз;

иккинчи гуруҳ тоифасига кирувчи қувурлар, электр узатиш ва коммуникациялар линияларига ўн беш фоиз;

учинчи гуруҳ тоифасига кирувчи транспорт ускуналаридан ташқари машиналар ва ускуналарга йигирма фоиз;

тўртинчи гуруҳ тоифасига кирувчи транспорт ускуналарига:

шу жумладан, ҳаво ва космик учиш аппаратлари ва улар билан боғлиқ ускуналар, кемалар ва қайиқлар, локомотивлар ва ҳаракатдаги таркиб (темир йўл таркиби) га ўн фоиз;

автотранспорт воситалари, автомобиль кузовлари (корпуслари), тиркамалар ва ярим тиркамалар, бошқа транспорт ускуналари учун йигирма фоиз;

бешинчи гуруҳ тоифасига кирувчи компьютерлар ва периферия ускуналарига қирқ фоиз;

олтинчи гуруҳда эса юқорида санаб ўтилган бешта гуруҳ тоифасига киритилмаган амортизация қилинадиган активларга ўн беш амартизация харажатлари қўлланилади.

Солиқ солиш мақсади учун амортизация суммаси солиқ тўловчилар томонидан ҳар ойда аниқланади. Амортизация ҳар бир амортизация қилинадиган актив бўйича алоҳида ҳисобланади ҳамда унинг бошланғич қийматининг ва ушбу объект учун белгиланган амортизация нормасининг кўпайтмаси сифатида аниқланади.

Амортизацияни ҳисоблаш амортизация қилинадиган активнинг қиймати тўлиқ ҳисобдан чиқарилган санадан эътиборан ёки бундай актив солиқ тўловчининг амортизация қилинадиган активлари таркибидан ҳар қандай асосларга кўра чиқарилганда тугатилади.

Амортизацияни ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия Ҳисобининг Миллий Стандарти (5-СОНЛИ БҲМС), асосий воситаларни тасдиқлаш тўғрисидаги миллий стандарти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси орқали тартибга солинади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, асосий воисталарга амортизация ҳисоблаш қуйидаги усулларда бажарилади:

  1. Амортизацияни тўғри чизиқли усулда ҳисоблаш;
  2. Бажарилган иш ҳажмига кўра амортизация ҳисоблаш;
  3. Жадаллаштирилган (тезкор) усуллар;
  4. Қолдикли камайиш усулида амортизация хисоблаш;
  5. Кумулятив усулда амортизация ҳисоблаш;

Юқоридаги амортизация ҳисоблаш усуллари корхона томонидан бирор усулни танлаган ҳолда йилда бир марта ҳисоб сиёсатида кўрсатилиб ҳисобланади.

Хўжалик юритувчи субъект хоҳлаган усулда амортизация ҳисоблаши мумкин, бироқ, солиқларни ҳисоблаб чиқаришда фақат амортизацияни тўғри чизиқли усулда ҳисоблашни амалга оширади. Сабаби, фойда солиғи ҳисоботи базасини аниқлашда муҳим ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, солиқ тўловчи тадбиркорлик субъектларининг бухгалтерия ва солиқ ҳисобини юритувчи масъул шахслари ҳисоботларни тузишда билимлилик, зийраклик билан мулкларнинг амортизация харажатларини тўғри ва аниқ ҳисоблашлари зарур.

Мазкур ҳисоб ишларининг бажарилмаслиги ёки ноаниқ бажарилиши тадбиркорлик субъектларидаги амортизация харажатларнинг кўрсатилмасдан қолишига, ўз навбатида ушбу ҳолат  фаолият натижалари бўйича олинган фойда (даромад) миқдорининг асоссиз орттириб кўрсатилишига олиб келади.

Суд амалиёти кузатувлари шуни кўрсатадики, мулкнинг амортизация харажатлари солиқ ҳисоботларида қайд этилмаслиги   тадбиркорлик субъектининг фойда солиғи реал ҳолатга нисбатан кўпроқ ҳисобланишига олиб келса, аксинча ҳолатда, яъни амортизация харажатлариниг орттириб кўрсатилиши ҳолатлари эса амалдаги қонунчиликка асосан жавобгарликка тартишга ҳамда тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий санкциялар қўлланилишига сабаб бўлади.

Зеро, солиқ қонунчилигига мувофиқ, жамиятнинг иқтисодий таянчи бўлган солиқларни ва йиғимлари тўғри ҳисоблаб чиқариш ҳамда ўз вақтида тўлаш солиқ тўловчиларнинг мажбуриятидир.

Мирзоҳид Хайдаров

Сирдарё вилояти маъмурий судининг судьяси

«Аёллар дафтари»дан чиқариш асосий мақсадимиз бўлиши лозим

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги” ПФ-60-сонли Фармонида “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш белгиланган.

Шунингдек, “Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича” Республика комиссияси кенгайтирилган йиғилишининг 2022 йил 4 апрелдаги 1-сонли Баёнига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судига “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ишларини мазкур қарорда белгиланган тартибда амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Янгиер шаҳрида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, аёллар дафтаридан чиқарилишини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати  ва фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди  томонидан суҳбат ўтказилди.

Ўтказилган мулоқотда  “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар  иштирок этиб, улар томонидан ногиронлиги сабабли моддий ёрдам(субсидия) олиш, уй-жой билан таъминлаш, уй-жойни  расмийлаштириш, турмуш ўртоғини қамоқдан чиқариш, коммунал тўловлар, иш билан таъминлаш, уй-жойни таъмирлаш учун банк кредити олиш масалалари юзасидан ҳуқуқий  маслаҳатлар берилди ва бевосита ушбу йиғилишда иштирок этган олти  нафар хотин-қизларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилиб “Аёллар дафтари”дан чиқарилиши таъминланди.

Бехзод Махмудов

                                                    Сирдарё вилоят судининг  судьяси

Хуршид Миршаев

                                      фуқаролик ишлари бўйича Гулистон

туманлараро судининг судьяси

Skip to content