Шаърий никоҳ асосида турмуш қурган аёл фарзандига оталикни белгилашни талаб қилди
Даъвогар Нигора Мардиева (исм, шарифлари шартли равишда ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳдан ўтмасдан, шаърий никоҳ асосида турмуш қуриб бирга яшаганлигини, уларнинг ўрталарида бир нафар фарзанди борлигини судга маълум қилди. Шунингдек оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи билан икки йилдан буён билан бирга яшамаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Фарзандининг туғилгалик ҳақидаги гувоҳномасининг ота устунига эса турмуш ўртоғининг исм, шарифи ёзилишини, бундан ташқари жавобгар шу вақтга қадар фарзандини моддий таъминламасдан келаётганлигини, фарзандини моддий томондан таъминлашга қийналаётганлигини, шу сабабли турмуш ўтоғидан алимент ундиришни сўради.
Суд даъвогарнинг тушунтиришини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 08-сонли қарорининг 2-банди 2-хатбошига кўра, оталик, агар боланинг ота-онаси қандайдир сабабларга кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига унинг келиб чиқиш (насл-насаби) тўғрисида биргаликда ариза бермаган бўлсалар, суд томонидан белгиланишини ҳисобга олиб, Пленум қарорининг 6-бандига кўра, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланди. Бу шартлар қуйидагилардир:
- боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;
- боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;
- жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун кўрсатиб ўтилган шартлардан биттаси иш бўйича аниқланиши етарли эканлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 96, 99-моддаларига асосан, мазкур ҳолатда суд, жавобгар отани фарзандининг отаси деб белгилашни ҳамда даъвогар Нигора Мардиева фойдасига фарзанди вояга етгунига қадар жавобгарнинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/4 қисм миқдорида, лекин қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 26,5 фоиз миқдоридан кам бўлмаган миқдорда алимент ундиришни, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг ота устунига тегишли ўзгартиришлар киритишни лозим деб топди.
Ҳал қилув қарорининг алимент ундириш ҳақидаги қисми дарҳол ижрога қаратилди.
Ўктам Хуррамов
фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг судьяси