Янгиланаётган Коституцияга асосан шахс ўзини яна қандай йўллар билан ҳимоя қилиши мумкин бўлади?

Янгиланаётган Конституциямизда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда. Шунингдек, айбсизлик презумцияси янада кучайтирилмоқда. Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.

Хўш, янгиланаётган Коституцияга асосан шахс ўзини яна қандай йўллар билан ҳимоя қилиши мумкин бўлади?

Омма энг катта янгилик сифатида қабул қилгани бу Янгиланаётган Конституцияга асосан эндиликда шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги бўлди.  Яъни ушбу норма эндиликда инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.

Шунингдек, лойиханинг 27-моддасида ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт эканлиги белгилаб берилган.

Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Тўғри, ҳуқуқи бузилган шахс жамиятдан адолат излаши табиий. Бундай вазиятда эса Янгиланаётган Конституциянинг 29-моддасида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши кўрсатиб ўтилганини айтиш мумкин. Яъни Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади. Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди. Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга. Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиши кафолатланмоқда мазкур норма билан.

Хўш, фуқаролар ёки юридик шахслар ўзини суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлган бўлса-чи?

Бу жараёнда лойиҳанинг 55-моддасига асосан ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли.

Яна бир муҳим янгилик бу  агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

Шаҳноза Мухаммадқулова
фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг судьяси