Янги таҳрирдаги меҳнат Кодексида хизмат текшируви тушунчасига таъриф берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2022 йил 28 октябрь куни янги таҳрирдаги Меҳнат Кодекси имзоланди.

Ушбу қонун ҳужжати 2022 йил 29 октябрь куни расмий матбуотда эълон қилинди.

Эътиборли томони, Ўзбекистон Республикасининг меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги Қонуннинг 5-моддасига кўра, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Амалдаги Меҳнат кодекси ва янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида қандай янгиликлар, ўзгаришлар бор?

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2 та (Умумий, махсус) қисм, 7 та бўлим, 34 та боб, 581 та моддадан иборат.

Солиштириш учун амалдаги Меҳнат кодекси 2 та (Умумий, махсус) қисм, 16 та боб, 294 та моддадан иборат.

Яъни, фақатгина моддалар сонининг ўзигина 287 тага кўп.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида халқаро меҳнат тўғрисидаги  конвенциялари ва тавсияларига асосланган ҳуқуқий ечимлар ўз аксини топган.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2-бўлими 6 та боби меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка бағишланган.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 34-моддада меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тушунчасига қуйидагича таъриф берилган.

Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик ўз вакиллари тимсолида ходимлар, иш берувчилар, уларнинг вакиллари, давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими бўлиб, бу тизим якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш масалалари юзасидан ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини мувофиқлаштиришни таъминлашга қаратилган бўлади.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 6-бўлими ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш деб номланади.

Ушбу бўлим умумий қоидалар, ишлаб чиқариш таълим шартномаси, ишни таълим билан бирга олиб борувчи ходимлар учун кафолатлар ва компенсациялар деб номланган 3 та боб (367-387-моддалар)ни ўз ичига олган.

Хусусан, ушбу бўлимда 384-модда. Олий таълим ташкилотларига ўқишга кираётган ходимлар учун кафолатлар

385-модда. Кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича таълим олаётган ходимлар учун кафолатлар ва компенсациялар

386-модда. Ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар бериш тартиби атрофлича ёритилиб берилган.

Амалдаги меҳнат кодексида ходимларни касбга тайёрлаш масаласи (16, 60, 65-моддаларни ҳисобга олмаганда) кенг ёритилмаган.

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш билан боғлиқ бўлган амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдирувчи сабаблар 7 та кўрсатилган.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг 161-моддасида бу сабаблар 6 та бўлиб, 1 тага камайган.

Хусусан, амалдаги меҳнат кодексида ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда иш берувчига ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ ваколат берилган.

Янги таҳрирдаги меҳнат кодексида ушбу ваколат чиқариб ташланган.

Яна бир янгилик, янги таҳрирдаги меҳнат кодексида интизомий жазони қўллаш ҳақида буйруқ билан таништириш муддати белгиланди.

Энди иш берувчи ходимни интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ билан у чиқарилган кундан бошлаб уч иш куни ичида асосларни кўрсатган ҳолда имзо чектириб таништириши шарт. Ходимнинг ишда бўлмаган вақти бу муддатга киритилмайди. (313-модда)

Янги таҳрирдаги меҳнат кодесида хизмат текшируви тушунчасига таъриф берилди. Хизмат текшируви билан боғлиқ (302-311-моддаларни ўз ичига олган) алоҳида параграф киритилди.

Яна бир янгилик, янги таҳрирдаги меҳнат кодексида  дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.(208-модда)  Амалдаги меҳнат кодексида бундай қоида мавжуд эмас эди.

 Битта мақолада янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексининг барча жиҳатларини қамраб олиш қийин, лекин айтиш мумкинки том маънода аксарият янгиликлар “Инсон қадрини улуғлаш” учун хизмат қилади.

                                                                                                                                                                                                                                                               Жўрабек  Худойназаров

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё

                                                                                                                                                                                                                                                            туманлараро судининг раиси