ШАЪРИЙ НИКОҲДАГИ АЁЛНИНГ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚЛАРИ БОР?

Даъвогар Шоҳида судга жавобгар Муҳаммадга (исмлар шартли равишда ўзгартирилган) нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғини вояга етмаган фарзандининг отаси деб белгилашни, вояга етмаган боланинг ва ўзининг таъминоти учун алимент ундиришни, уйга яшаш учун киритишни ҳамда биргаликда сотиб олинган автомашинани умумий мулк деб топишни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар Шоҳиданинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, тарафлар қонуний никоҳдан ўтмаган ҳолда умумий рўзғор юритиб, бирга яшаб келганликлари ишдаги далиллар билан ўз тасдиғини топганлиги, жавобгар  Муҳаммад вояга етмаган Азиза исмли фарзанднинг отаси эканлигини тан олганлиги боис қаноатлантирилган ва вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун жавобгардан алимент ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, суд қарори билан даъвогар Шоҳиданинг уйга фарзанди билан киритиш ҳақидаги даъво талаби ҳам даъвогарнинг

жавобгар Муҳаммадга тегишли бўлган уйида доимий рўйхатда турганлиги, фойдаланиш ҳуқуқини йўқотмаганлиги боис қаноатлантирилиб, даъвогар фарзанди билан доимий рўйхатда турган муқаддам жавобгар билан умумий рўзғор юритиб, яшаб келган уйга киритилиши белгиланган.

Бироқ, даъвогар Шоҳиданинг ўзининг таъминоти учун алимент (моддий ёрдам) ундириш, биргаликда сотиб олинган автомашинани умумий мулк деб топиш ҳақидаги даъво талаблари тарафларнинг қонуний никоҳлари мавжуд эмаслиги ва тарафлар ўртасида фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан келиб чиққан бошқа шартноманинг мавжуд эмаслиги, шунингдек автомашина олди-сотди шартномасида даъвогар Шоҳида шартнома тарафи сифатида кўрсатилмаганлиги боис қаноатлантиришдан рад этилган.

 

Лобар Шербекова

Сирдарё вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати судьяси