Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди

Даъвогар Абдурахманов фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Абдурахманова билан ўрталаридаги никоҳдан ажратишни сўради. Судда маълум бўлишича, ушбу эр-хотин 2016 йил 22 август куни қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган ва биргаликдаги никоҳларидан  беш ёшли бир нафар фарзанди бор. Даъвогар эр жавобгар  хотини билан турмушининг бошидан яхши яшаганлиги, бироқ кейинчалик ўрталарида оилавий келишмовчиликлар келиб чиққанлиги сабабли икки йилдан буён бирга яшамасдан келишаётганлигини маълум қилиб, даъвони қаноатлантиришни сўради. Унинг турмуш ўртоғи  ўзининг тушунтиришида даъвогар эри билан бир оила бўлиб яшаш нияти йўқлигини маълум қилиб, суддан ўртадаги қонуний никоҳдан ажратишни сўради. Суд тарафларнинг тушунтиришини тинглаб, иш ҳужжатларини атрофлича таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 16-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим. Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва
тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди. Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.
Суд юқоридаги Пленум қарори талабидан келиб чиқиб, даъвогарнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризасини муҳокама қилиб, тарафларнинг бир нафар фарзанди борлиги, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасида эканлигини, суд тарафларнинг ярашганликларини инобатга олиб даъвогарнинг жавобгарга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвосини рад этишни лозим деб топди. Яъни Даъвогар  Абдурахмановнинг жавобгар Абдурахмановага нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвоси қаноатлантиришдан рад этилди.  Ҳал қилув қароридан норози тараф бир ой муддат ичида шу суд орқали Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришга  ҳақли эканлиги тушунтирилди. Лекин  олти йил бирга яшаган эру-хотин суддаги муҳокама ва қарордан тўғри хулоса чиқариб ажрашиш учун  судга яна даъво қилиб келмаса яхши бўларди.

Шаҳноза Муҳамматқулова

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманларо судининг судьяси