Тадбиркорга ҳуқуқий таъсир чораси қўллаш суд томонидан рад этилди

Сирдарё туман Давлат солиқ инспекциясида Сирдарё туманлараро иқтисодий суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Мазкур сайёр суд мажлисида аризачи Сирдарё вилоят Давлат бошқармаси тадбиркорлар томонидан 2022 йил учун ягона ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботини жорий йилнинг 17 август кунига қадар солиқ органига тақдим этмаганлиги сабабли, жавобгарнинг банклардаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисдаги даъволари кўриб чиқилди. Суд, аризачи вакилининг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб, қуйидаги асосларга кўра, аризани қаноатлантиришдан рад этишни лозим топди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органи томонидан мазкур солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) солиқ мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

1) ушбу солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органига молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганда;

2) солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, шунингдек солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

3) солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларини кўрсатилган ҳудудга ёки бинога (бундан турар жойлар мустасно) киришига тўсқинлик қилишда. Солиқ органи мансабдор шахсининг киришига тўсқинлик қилиниши унинг ўзи ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай далолатнома асосида солиқ органи банкдаги ҳисоб варақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туради;

4) солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ўзи кўрсатган манзилда йўқлигида.

Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, жавобгар ягона ер солиғи тўловчи бўлмаса-да, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари  томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қабул қилинган ва бу ҳақда жавобгарга электрон хабарнома юборилган.

Амалдаги Солиқ кодексининг 17-моддасида солиқлар ва йиғимларнинг турлари қайд этилган бўлиб, унда эски таҳрирдаги Солиқ кодексидаги ягона ер солиғи чиқариб ташланган ва янги Солиқ кодексида ягона ер солиғи мавжудлиги ва уни тўловчилар кимлар бўлиши ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Бундан кўринадики, ягона ер солиғи янги Солиқ кодексининг 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга кириши билан бекор қилинган.

Юқоридагиларга асосан аризачининг жавобгар томонидан 2022 йил учун ягона ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботини муддатида тақдим этмаганлиги учун банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилгунга қадар тўхтатиб туриш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантиришдан рад этилди.

Улуғбек Қурбонов

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди раиси