Судьялар коррупцияга қарши курашса жамиятимизда одил судловга ҳурмат, Конституция ва қонунлар устуворлиги ҳамда адолатга ишонч шаклланади

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши ташаббуси билан Сирдарё вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий судининг судьялари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони ижросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда асосий эътибор тизимда коррупциянинг барвақт олдини олишга қаратилди. Шунингдек, ваколатни имтиёз, деб билган айрим соҳа ходимларининг аянчли тақдири ҳақида рўй-рост, аниқ мисоллар асосида маълумот берилди. Бундан мақсад инсонннинг камоли ва заволи ўртасида масофа бир қадам экани ва ҳалоллик вакцинасининг илдизи маънавиятга бориб тақалишига урғу берилди.

Давра иштирокчиларига мавзуга оид “Пушаймон” қисқа метражли фильм намойиш этилди. Мазкур фильм Судьялар олий Кенгаши буюртмаси асосида суратга олинган бўлиб, коррупциянинг қанчалик аянчли иллат эканлигини ҳаётий мисоллар орқали ифодалай олгани билан ҳам таъсирли бўлди.

Шунингдек, давра суҳбатида «Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида маърузалар қилиниб, ўзаро фикр алмашилди.

Якунда 2023 йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Референдумда вилоят судининг судьялари ўз оила аъзолари билан фаол иштирок этишига келишиб олинди.

Сирдарё вилоят судининг матбуот хизмати