Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

Амалдаги қонунларимизда сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий жазо чоралари белгиланган бўлиб, бундан сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов қонунчилигига тўлиқ риоя этишлари ва сайлов ҳуқуқлари самарали амалга оширилишини таъминлаш муддаоси кўзланган.

Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун Ўзбекситон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жавобгарликлар белгиланган.

512-моддасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

513-моддасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, худди шунингдек уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

514-моддасида Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

515-моддасида Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

516-моддасида Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

517-моддасида Биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

518-моддасида Сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

519-моддасида Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишлари белгилаб қўйилган.

Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда сайловга оид қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи нормалар ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига асосланган ва ривожланган демократик давлатларнинг қонунчилик амалиёти ва тажрибасига ҳам мослигидан далолат беради.

Сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қатъий белгилаб қўйилиши сайлов эркинлиги принсипини янада тўлиқроқ амалга оширилишига, мамлакатимизда сайлов тизимини янада демократлаштирилишига, сайловнинг очиқ ҳамда ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юсуф Абизов,

Сирожиддин Сайданов

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси