Савол беринг, жавоб берамиз

Савол: Турмуш ўртоғи вафотидан сўнг, унинг биринчи ва кейинги оиласидаги фарзандлар мерос қабул қилишда тенг ҳиссага эгами?

Фуқаролик кодексининг 1113-моддасига мувофиқ, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киришлиги, 1134-моддасига асосан эса қонун бўйича меросхўрлар ворисликка ушбу Кодекснинг 1135-1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақирилишлиги қайд қилинган.

Ушбу кодекснинг 1135-моддасига биноан, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Бундан кўринадики, турмуш ўртоғингизнинг болалари тенг улушларда қонун бўйича биринчи новбатдаги ворислик ҳуқуқига эга.

Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли бўлиб, меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мероснинг тақдимланишида меросхўрларнинг ўзаро келишуви мавжуд бўлмаса, мол-мулк жойлашган судга даъво тартибида мурожаат этишингиз мумкин.

Ушбу саволга фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг судьяси  Сажар Мирзабаев жавоб берди.