“Наполеон кодекси” ҳақида эшитганмисиз?

Узоқ асрлар давомида Франция Республикасида умумий ҳуқуқ нормаларини қўллаш имконияти мавжуд бўлмаган, мамлакатнинг жанубий қисмларида рим ҳуқуқи амалда бўлган бўлса, шимолий қисмларида ҳуқуқни қўллашда фақат урф-одатларга асосланилган.  Жанубий сарҳадларда амалда бўлган рим ҳуқуқининг манбаси Феодосия кодекси ҳисобланган бўлса, шимолий ҳудудлардаги урф одатларга асосланган ҳуқуқ нормалари дастлаб ёзилмаган ҳолда, оғзаки равишда авлоддан авлодга ўтиб келган.  Бундан ташқари мамлакатда, рим-католик черковидан келиб чиққан диний қонунлар, қироллик фармойишлари, ҳамда француз парламентининг қарорлари ҳам ҳуқуқ манбаи сифатида амалда бўлган.   Мамлакатда умумий ҳуқуқ нормаларининг амалда эмаслиги, ҳар бир вилоятнинг ўзининг фуқаролик ҳуқуқининг мавжудлиги аҳоли ўртасида кўплаб зиддиятларни келтириб чиқарган.  Франция Республикасининг биринчи коньсули Наполеон Бонапарт ҳукумат тепасига келганидан сўнг, кенг қамровли маъмурий ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди.   Мамлакатда турли шароит ва инстанцияларда қабул қилинган фуқаролик ҳуқуқини белгиловчи ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, шунингдек, мамлакат яхлитлигини сақлаш, жамият ва давлат бошқарувини ислоҳ қилиш каби ислоҳотларни амалга ошириш учун ягона қонунчиликни яратиш ва тадбиқ этиш лозим эди.

Оддий ва тушунарли ёзилган ҳамда аҳолининг ҳар бир вакили учун етиб бориши мумкин бўлган қонун ҳужжати янги давлат қурилишида ҳуқуқий тартибни ўрнатиш учун асос бўлишини билган ҳолда, Наполеон Бонапарт биринчи навбатда Франция Республикасининг Фуқаролик кодексини яратишни асосий мақсад сифатида танлаган, 1799 йил 10 ноябрдаги Наполеон консуллигини ташкил этиш ҳақидаги декретда ҳам янги ҳукуматнинг яқин келажакда амалга ошириши лозим бўлган вазифаларидан бир шундан иборат эканлиги кўрсатилган.  Мазкур мақсадда Наполеон ташаббуси билан Республика консуллари томонидан 1800 йил 12 август куни Фуқаролик кодексининг лойиҳасини ишлаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинади, ҳамда кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишга масъул бўлган кодификация комиссияси тузилади. Кодификация комиссияси таркибига мамлакатда амалда бўлган барча ҳуқуқ нормалари бўйича юқори малакали юристлар танлаб олинади, эътиборли жиҳати, ушбу комиссия аъзоларининг 3 нафари Кассация судининг судьялари ҳисобланган.  Фуқаролик кодексининг лойиҳаси комиссия томонидан 4 ой муддат ичида ишлаб чиқилади ва Наполеонга тақдим этилади, дастлабки лойиҳа умумий 2280 моддадан иборат 4 та алоҳида китоб шаклида бўлиб, жами 36 та алоҳида қонунларни ўз ичига олган.  Фуқаролик кодексининг дастлабки лойиҳасини янада мукаммаллаштириш мақсадида лойиҳа юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазаларни олиш учун кодекс лойиҳаси Кассация судига ва Францияда ўша вақтда фаолият юритган жами 29 та апелляция судларига юборилган. Кодекс лойиҳаси бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириш учун 3 ой муддат белгиланган ҳамда шу муддат ичида таклифларни адлия вазирлигига юбориш сўралган.  Франция Республикаси Кассация суди раиси томонидан лойиҳани ўрганиш бўйича 5 нафар судьядан иборат комиссия ташкил қилади. Комиссия томонидан Фуқаролик кодекси лойиҳаси чуқур ўрганиб чиқилиб, 450 варақдан иборат таклиф ва фикр мулоҳазалар тайёрланади.  Комиссия томонидан билдирилган таклифларнинг бири сифатида қуйидаги мисолни келтириш мумкин, хусусан лойиҳанинг биринчи китоби 4-моддасида урф – одатлар қонун ҳужжатларининг бир қисми сифатида хизмат қилиши лозимлиги белгиланган бўлиб, Кассация суди томонидан мазкур модда урф одатлар ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун ҳужжатларининг амал қилмаслигига сабаб бўлиши мумкин эмаслиги ва улар ҳуқуқ нормаларига зид бўлмаслиги кераклиги ҳақидаги қоида билан алмаштириш таклиф қилинган.   Фуқаролик кодекси лойиҳаси юзасидан Апелляция судлари томонидан ҳам таклиф ва фикр мулоҳазаларни ишлаб чиқиш учун ишчи комиссиялари тузилиб, лойиҳа юзасидан тегишли таклифлар тайёрланган. Жумладан, Париж апелляция суди Кодекс лойиҳасининг биринчи китобида қонунчилик ҳужжатларининг аниқ ва умумий изоҳи мавжуд эмаслигини кўрсатиб, лойиҳада қонун ва меъёрий ҳужжатларга аниқ тушунча бериш лозимлигини таклиф қилган.   Судлар томонидан берилган таклифлар адлия вазирлигида жамланиб, кўриб чиқиш учун давлат кенгашига юборилган, шундан сўнг Фуқаролик кодекси лойиҳасининг муҳокамаси Наполеон бошчилигидаги давлат кенгашида давом этган.

Фуқаролик кодекси лойиҳасининг муҳокамаси бўйича давлат кенгашининг биринчи мажлиси 1801 йил 17 июлда бошланиб, сўнггиси 1804 йил 17 март куни якунланган, лойиҳа давлат кенгашининг жами 102 та мажлисида муҳокама этилган бўлиб, шундан 52 та мажлисда шахсан Наполеоннинг ўзи раислик қилган ҳамда кодексни қабул қилишда фаоллик кўрсатган.  Фуқаролик кодекси босқичма босқич овоз бериш йўли билан 36 та алоҳида қонун ҳужжатларини қабул қилиш орқали қабул қилинган. Франция Республикасининг 1799 йил 25 декабрдаги Конституциясига мувофиқ, давлат кенгаши томонидан лойиҳа кўриб чиқиш учун 100 нафар депутатдан иборат Трибунатга тақдим этилган, Трибунат томонидан лойиҳа маъқулланиб, кўриб чиқиш учун 300 нафар депутатдан иборат Қонунчилик корпусига юборилган, ўз навбатида Қонунчилик корпуси томонидан лойиҳа тасдиқланган.

1804 йил 21 март санасида қабул қилинган бирлаштириш ҳақидаги қонун ҳужжатига мувофиқ, 36 та босқичма босқич қабул қилинган қонун ҳужжатлари ягона Кодексга бирлаштирилган ва “Французларнинг Фуқаролик кодекси” номи остида нашр этилган.  Наполеон Бонапарт ташаббуси билан қабул қилинган “Французларнинг Фуқаролик кодекси” ёки “Наполеон кодекси”  кейинчалик бир неча бор унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлсада, лекин кўплаб мамлакатларнинг “Фуқаролик кодекс”ларини қабул қилишлари учун андоза бўлиб хизмат қилган.

Акмал Раҳимов

Сирдарё вилояти суди раисининг ўринбосари