Беркитилган гиёҳванд воситалари топилмай қолмади

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш инсон соғлиги ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солади, республикадаги криминоген вазиятга, жамиятнинг иқтисодий ва маданий негизига салбий таъсир кўрсатади, кўпинча у уюшган жиноятчилик билан узвий боғлиқ бўлади. Айниқса, бу жиноятларнинг вояга етмаганлар орасида тарқалганлиги катта хавф туғдиради. Судлар айбдор шахсларга нисбатан жиноий жазо чораларини қўллаш ва тайинлашда қонун талабларига риоя этиб, бу содир этилган қилмишларнинг жамият учун хавфлилик даражасига етарли баҳо бериб келмоқдалар. Жумладан, 2021 йил 23 ноябрь куни ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан ўтказилган “Назорат остида олиш” тезкор тадбири давомида, фуқаро Р.З “героин” гиёҳванд воситасини ўтказиш мақсадида, тадбирга харидор сифатида жалб этилган “А” исмли шахсга “героин” гиёҳвандлик воситасини сотишга келишиб, шу куни соат 14-30 ларда тадбирга харидор сифатида жалб қилинган “А” исмли шахс билан Янгиер шаҳар, Т.Малик МФЙ ҳудудида учрашиб, “А” исмли шахсдан махсус кукун билан ишлов берилган 900.000 сўм пулларни олиб, соат 16-20 ларда “А” исмли шахс билан учрашиб, унга 2 дона рангсиз целлофан бўлакларига жойланган “героин” гиёҳвандлик воситасини бериб, қолган 100.000 сўм пулларни олган вақтда ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ушланган ва холислар иштирокида шахсий тинтув қилинган вақтда, унинг ёнидан тадбир учун ажратилган махсус кукун билан ишлов берилган 2 дона 50.000 сўмлик купюрадаги жами 100.000 сўм пуллар хамда “А” исмли шахсдан 2 дона рангсиз целлофан бўлакларига ўралган, сарғиш рангли, ўзидан ўткир ҳид тарқатувчи, оғирлиги тахминан 3-4 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш воситалар ашёвий далил сифатида олинган. Фуқаро Р.З кўп микдордаги гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадида ўзининг жиноий шериклари З.К, А.З ва терговда шахсини аниқлашни имкони бўлмаган “Ж” исмли шахс билан бир гуруҳга бирлашиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, “Ж” исмли шахс томонидан олиб келинган героин гиёҳванд воситасини сотиш жиноятини қасддан содир этган. Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суднинг 2022 йил 14 март кунги айблов ҳукмига кўра судланувчи З.Р, З.А хамда К.Злар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, З.Р ва З.Ага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда К.Зга  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан ўн йил бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

                                                                                                                                                                                                  Жамшид  Ҳайдаров

                Жиноят ишлари буйича  Янгиер шахар судининг раиси