Ҳуқуқшуноснинг ҳуқуқбузарлиги

    Гулистон шаҳар ҳокимлиги, болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси мудири лавозимида фаолият юритган Шоҳруҳ Исоқов (исм шарифи ўзгартирилган) юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс бўла туриб, унга ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги каби жиноятни қуйидаги вақт, усул ва ҳолатларда қасддан содир этган. Хўш, жиноятга етаклаган «очкўзлик» бу ҳуқуқшуносни қай тариқа йўлдан оздирди?  

   Шаҳар ҳокимлигидаги лавозимидан фойдаланган Шоҳруҳ  Вазирлар Маҳкамасининг 25.10.2021 йилдаги 656-сонли Қарори билан тасдиқланган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларини бузиб, ўзганинг мулкини ўзлаштириш мақсадида, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган Мусаевни бюджет маблағлари ҳисобидан уй-жой билан таъминлаш учун Гулистон шаҳридаги хонадонни фуқаро Мухаммадиевдан 8 минг АҚШ долларига сотиб олишга оғзаки келишиб, ТИФ “Миллий банк” Сирдарё вилоят филиалидан Мухаммадиевнинг номига омонат ҳисоб рақами ва тўлов картасини расмийлаштириб, ундан олди-сотди шартномаси тузилгунга қадар тўлов картасини олиб қўяди. Нотариал идорада Мухаммадиев (сотувчи), Мусаев (олувчи) ва Гулистон шаҳар хокимлиги (сотиб олиб берувчи) ўртасида Гулистон шаҳридаги 3-хонадонни уч томонлама олди-сотди шартномасини тузишга эришади. Шартномада эса сотиб олинаётган хонадоннинг қийматини 122 млн. сўм миқдорида кўрсатиб, сотиб олинаётган ушбу хонадон учун 122 млн. сўм пул маблағларини Мухаммадиевнинг номига расмийлаштирилган тўлов картага тушириб олади. Картани ҳудди ўзиники билган Шоҳруҳ иш «ҳамирдан қил суғиргандек» осон битганидан ҳурсанд бўлиб, ушбу картадаги пул маблағларни нақдлаштиради. Шундан сўнг картанинг ҳақиқий эгаси Мухаммадиевга 8 минг АҚШ долларини нақд пулда тўлаб бериб, қолган 35 млн. 432 минг сўм бюджет маблағларини ўзлаштиради.

    Бундан ташқари, Шоҳруҳ Гулистон шаҳридаги 3-хонадоннинг қийматини 122 млн. сўм миқдорида кўрсатиб, 8 минг АҚШ долларидан ортган пулларни уйни таъмирлаш учун ишлатишини айтиб, пул маблағларини Мухаммадиевнинг номига расмийлаштириб, шартномага сохта маълумотлар киритилишига эришган.

    Ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракати билан ҳуқуқшунос Шоҳруҳ била туриб Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни қасддан содир қилган. 

     Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида ҳокимликнинг собиқ ҳуқуқшуносига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан тайинланган жазоларни қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

     Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўзи ҳуқуқшунос бўлса-да, Қонунни била туриб унга ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишдек жиноятни содир қилган Шоҳруҳ энди ҳаётдан яхшигина сабоқ оладиган бўлди.

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси