Қидирув:

Халқ қабулхонасида фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилди

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди томонидан  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё туманидаги Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказилди. Унда Халқ қабулхонасига келган фуқароларни ўйлантириб келаётган суд-ҳуқуқ билан боғлиқ масалалари ўрганилди.  Хусусан, Сирдарё тумани «Оқибат» маҳалласида яшовчи Ш.Раджабовнинг оилавий корхона сифатида фаолият юритаётган тадбиркорлик фаолияти бўйича электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузиш тартиби тўғрисидаги мурожаати ўрганилиб, фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек «Дўстлик» маҳалласида яшовчи  Ю.Трофимованинг ички ишлар ходими қандай асосларда фуқародан шахсий ашёсини олиб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги саволига ҳам жавоб берилди.  «Камолот» маҳалласида истиқомат қилувчи Д.Юнусованинг тўланмаган алимент пуллари шахсий даромадига киритилганлик ҳолатининг қонунийлиги юзасидан оғзаки мурожаатлари ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал қилинди.

 

Улуғбек Қурбонов

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Соҳил маҳалласидаги аёлларни қандай муаммолари бор?

Дилафрўз Назарова Гулистон шаҳрининг Соҳил маҳалласида истиқомат қилади. Унинг оиласи эҳтиёжманд оила сифатида рўйхатда тургани боис аёллар дафтарига рўйхатга олинган. Икки хўжалик учун мўлжалланган хонадонда тўрт оила яшаётгани сабабли бугунги кунда уни бир масала ўйлантириб келмоқда. Яъни яшаш хонадонига алоҳида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш.

Маҳаллада Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Қурбонов, иқтисодий ишлар бўйича Гулистон туманлараро судининг раиси Ҳ.Набиев, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг раиси К.Намозов ва жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси М.Омоновлар иштирокидаги қабулга келган Дилафрўз Назарованинг ушбу масаласига судьялар томонидан мерос ҳуқуқи асосида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириши мумкинлиги тушунтирилди.

Дилафрўз каби «Аёллар дафтари»да турган ўн икки нафар аёлнинг суд-ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий мавзудаги мурожаатлари ўрганилди ва ечими билан боғлиқ ишлар назоратга олиниб, ижросига масъуллар бириктирилди.

Шунингдек сайёр қабулга кела олмаган хотин-қизларнинг хонадонига борилиб, уларни ўйлантириб келаётган масалалар суҳбатлар баённомасига киритилди. Шунчаки суратга тушиш ёки мурожаатларни қайд этиб қўйиш фикридан йироқ ҳолда ўтказилган сайёр қабуллар шу тариқа ўз самарасини бериши аниқ. Зеро ҳеч бир мурожаат бесабаб бўлмаганидек қабуллар ҳам ўз натижаси билангина ҳаётий ва амалий ҳисобланади.

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси

Skip to content