Қидирув:

Ер олмоқчи бўлсангиз энди муаммосиз

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-20-сон қарори аҳолининг ишсиз қатламини деҳқон хўжалиги билан банд қилиш борасидаги муҳим ислоҳотлар давомини таъминламоқда. Айни пайтда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда, мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар қарийб 2 баробарга ошган. Шу билан бирга, пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш соҳасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиш орқали ушбу ерлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш эвазига тармоқда қўшимча ўсишга эришишда илмий асосланган ёндашув ва ўрганишларни инобатга олиш тақозо этилмоқда.

Ушбу қарорга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият яратилади. Бунда аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни йўлга қўйиш мумкин.

Қарор асосида ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш эмас, балки деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 йил муддатга ижарага бериш тартиби жорий қилинади. Бунда аҳолининг яшаш жойидан узоқда жойлашган бўш турган ёки захирадаги ер участкаларида ишсиз, даромадга эга бўлмаган фуқаролар деҳқон хўжалиги юритиш учун дуч келадиган қийинчиликларни бартараф қилишга алоҳида эътибор берилади. Бунда аввало ишсиз, қўшимча даромадга эга бўлмаган фуқаролар харажат қилмаслиги учун аҳоли яшаш жойига яқин жойлашган, суғориш учун қулай бўлган бўш турган ёки захирадаги ер участкаларидан танланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, ҳудудлардаги мавжуд агросаноат кластерлари “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари, ҳудуддаги экспортёр корхоналар ўз манфаатдорлигида ишсиз фуқароларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ўргатади. Сўнгра ажратилган ер майдонларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга амалий ёрдам беради ва етиштирилган маҳсулотларни ўзаро келишилган нархларда харид қилиши кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 709-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра аҳолининг ишсиз қатламини деҳқон хўжалиги билан банд қилиш жараёнини шаффофлигини таъминлаш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш

“E-IJARA” ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланди. Қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага бериш тизими мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсатига ҳамоҳангдир.

Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш “E-IJARA” ва “E-AUKSION” электрон платформаларини ташкил қилинишининг асосий мақсади ҳисобланади.

Ушбу норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга ҳамда хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига алоҳида устуворлик берилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотларда биринчи навбатда инсон ва унинг манфаатлари ҳамда инсон қадрини улуғлашга бўлган муносабатлар мужассамдир.

Қосим Хусанов 

Оқолтин туманлараро иқтисодий

суди девонхона мудири

Ер муносабатларида тенглик ва шаффофлик таъминланаяптими?

Оқолтин тумани, “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 71-сонли қароримазмун-моҳияти тушунтириш юзасидан сайёр учрашув ташкил этилди. 

Унда Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьялари томонидан учрашувда иштирок этган фуқароларга ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида, 2021 йил 1 августдан бошлаб- ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари) — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилишини, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолишини, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтишини, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига  мувофиқ ер участкаларини хусусийлаштириш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш, шунингдек, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш йўли билан амалга оширилиши юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Бехзод Махмудов,

Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Skip to content