Мерос қолдирувчининг мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари улар ифодачиси вафот этганидан кейин ҳам мавжуд бўлишда давом этади, улар бундан кейин унинг ворисларига ўтади. Буларга мерос қолдирувчининг қарз, кредит мажбуриятлари, шунингдек қарз ёки кредит олиш ҳуқуқи, гаров мажбуриятлари ҳамда бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни киритиш мумкин. Ворислик бўйича муаллифлик ҳуқуқлари, патент ҳуқуқи сингари баъзи бир шахсий номулкий ҳуқуқлар ҳам ўтиши мумкин.

Мерос таркибига кирадиган барча нарса ворисликда у вафот этган шахсга тегишли бўлганидек ҳолат, кўриниш ва аҳволда ўтади.

Ҳуқуқ ва мажбуриятлар ворислик бўйича уларни таъминлашнинг барча усуллари ҳамда уларга доир мажбуриятлар билан ўтади. Бинобарин, мерос қолдирувчининг фақат кўчмас мулкка доир мулк ҳуқуқини қабул қилиш ва унинг қарз шартномаси бўйича қарзларини тўлашдан бош тортиш мумкин эмас.

Инсон вафот этган пайтда унинг шахси билан бевосита ёки чамбарчас боғланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар тугатилади (улар ворислик бўйича берилиши мумкин эмас). Масалан, мерос қолдирувчи ногироннинг турар жойга ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар, алимент олиш ҳуқуқи, фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни, маънавий зарарни қоплаш мажбурияти ва бошқалар. Шахсий номулкий ҳуқуқлар ва неъматлар (шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, ҳаракатланиш эркинлиги, ор-номус ва яхши ном) ҳам мерос таркибига кирмайди.

Бевосита унга маънавий зарар етказилган даъвогар вафот этган тақдирда маънавий зарар учун компенсация ундиришни талаб қилиш ҳуқуқи ворисларга ўтмайди. Агар суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогарга маънавий зарар компенсацияси тақдим этилган, бироқ даъвогар уни олишга улгурмай вафот этган бўлса, ундирилган компенсация суммаси мерос таркибига киради ва уни ворислар олиши мумкин.

Агар баъзи фуқаролар ёки юридик шахслар уларга мулкдорлар сифатида 15 йил (кўчмас мулк) ёки 5 йил (бошқа мол-мулк) мобайнида қонунан ва очиқ-ойдин эгалик қилган бўлсалар, мерос қолдирувчи вафотидан кейин қолган кўчмас ва бошқа мол-мулк мерос таркибига киритилиши мумкин эмас. Мазкур ҳолда ушбу шахслар мулк ҳуқуқини олиш муддати асосида олганлар.

Ўзбошимчалик билан бунёд этилган ва мулк сифатида расмийлаштирилмаган иморатлар ва жойлар ҳам мерос бўла олмайди, чунки улар мерос қолдирувчига қонуний асосларда тегишли эмас.

Қандай мол-мулк ворислик доирасига киришидан келиб чиқиб, ворислар нотариусга мурожаат қилаётганда муайян ҳужжатларни тўплашлари талаб қилинади.

Нодирбек Сангиров

Сирдарё туманлараро

иқтисодий суди судьяси