Қарз муносабатни бузди

Сирдарёлик Мухтор, Баҳтиёр ва Рустам бир маҳаллада катта бўлган йигитлар эди. Улар пул топиш мақсадида  мусофирчиликда юрган кезлари бир-бирига кўмак бериб, оғир кунда ёнма-ён бўлиб синовдан ўтган дўстликка ҳам эришган эди. Лекин ўртага  240.000 рубль миқдоридаги пул аралашди-ю, ўзаро ишончга дарз кетди. Яъни Мухтор  фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига ариза билан мурожаат қилиб, дўстлари ундан пул олишганида  қарзни икки ой ичида қайтариб бериши керак эканлиги, мазкур ҳолат Сирдарё тумани ИИБнинг  жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори билан ўз исботини топганлиги, қисман қарзларини қайтарганлиги, ҳозирга қадар 5.500.000 сўм қарзини қайтармасдан келаётганлигини баён қилиб, қарз ва суд харажатларини ундиришни  суддан сўради. Судда  аниқланишича, жавобгарлар  даъвогардан  6.500.000 сўм миқдорида қарзни 2022 йил 5 августга қадар қайтариш шарти билан олган. Мазкур ҳолат жавобгарлар томонидан  имзоланган тилхат асосида ўз исботини топди. Шунингдек, Сирдарё тумани ИИБнинг жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори билан тарафлар ўртасида қарз шартномаси тузилганлиги ва қарз бугунги кунга қадар қайтариб берилмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасининг 1-қисмига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Ушбу Кодекснинг 733-моддаси    3-қисмига асосан агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Ушбу Кодекснинг 735-моддасига асосан қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Юқоридаги қонун талаблари ва суд мажлиси жараёнида аниқланган ҳолатларга кўра, суд даъво талаби ва жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризани муҳокама қилиб, қарз мажбурияти бўйича муддат янгиланганлигини, қарз ҳозирга қадар қайтарилмаганлигини инобатга олиб, даъво муддатини қўллашни рад этишни, даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантиришни лозим топди. Яъни жавобгарлардан даъвогар  фойдасига 6.500.000 сўм қарзни ундириш ҳақида қарор қабул қилди.
Шунингдек, суд давлат божи масаласини муҳокама қилиб, даъвогар томонидан судга мурожаат қилишда тўланган 300.000 сўм давлат божи ва 21.000 сўм почта харажатларини жавобгардан даъвогар фойдасига ундиришни ҳам лозим топди.
Ўз вақтида тўланмаган қарз билан боғлиқ низога суд орқали ана шундай ечим топилди. Яъни дўстлар ўртасидаги олди-берди муносабатларни биргина қарз бузиб юборди, ўзаро ишончга ҳам дарз кетишигиа сабаб бўлди. 

Шароф Мўминов

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг  судьяси