Қидирув:

Савол беринг, жавоб берамиз

Савол: Болалар менда, аёлимдан алимент ундирсам бўладими?

Жавоб: Қонунчиликда алимент фақат эрдан ёки отадан ундирилади деб кўрсатилмаган.

Оила кодексининг 96-моддасига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт бўлиб, таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан суднинг қарори асосида алимент ундирилиши мумкин.

Бундан ташқари, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота ва онанинг мажбурияти тенг ҳисобланади.

Шу боис, агар вояга етмаган болалар Сизнинг қарамоғингизда бўлса ва болаларнинг онаси уларга таъминот беришдан бош тортса, унга нисбатан алимент ундириш ҳақида судга ариза ёки даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд.

Оила кодексининг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Айни пайтда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 920.000 сўмни, унинг 26,5 фоизи эса 243.800 сўмни ташкил қилади.

Алимент миқдори алимент тўловчи шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ҳисобланади, лекин айни пайтда ҳар бир болага ундириладиган алимент миқдори 243.800 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.

Агар шахс суднинг ҳал қилув қарори асосида белгиланган алимент пулини икки ойдан ортиқ муддат давомида тўламаса, суд томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддасига асосан ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиши мумкин.

Агар шахс маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам икки ойдан ортиқ муддат давомида алимент тўламаса, суд томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Алимент тўламаган шахснинг жавобгарликка тортилганлиги ҳолати уни алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

Саволга Сирдарё вилоят судининг  судьяси Сарагул  Намазбаева жавоб берди.

 

Skip to content