Олтита қовунни деб судланган масъул

ёҳуд 6 та қовун деб 6000 АҚШ долларини назарда тутган Рахмонбердининг қилмиши ҳақида

Асли Ховос туманидан бўлган Раҳмонберди Гулистон шаҳар, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида бош мутахассис бўлиб ишлаб келаётган эди. Лекин мўмай даромад топиш илинжида унга ишонч билдирган шахсларни алдаш йўли билан фирибгарлик жиноятига қўл урди ва яхшигина иш жойидан қуруқ қолди.  Агар Раҳмонберди ўзи тушунмаган соҳага бош суқиб, аризмаган пул эвазига ўз виждонини пулламаганида эди, бугун суд мажлисида боши эгик холда судланувчи сифатида турмаган бўлар эди. Лекин у текин сариёғ фақатгина қопқонда бўлишини англаб етмади ва таниш-билишларидан фойдаланган холда тадбиркорни чув туширмоқчи бўлди.

Яъни  Янгиер шаҳрида яшовчи, кўп йиллардан буён унга таниш бўлган Элдор исмли шахс билан кўришиб қолганида унга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сонли Қарорига асосан бутун Республика бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежовчи технологияларни кенг тарғиб қилиш кўзда тутилганлигини, унинг ушбу йўналишда фаолият олиб борадиган таниши борлигини айтади.

Шу боис Элдор ундан Сардоба туман ҳудудидан худди шундай йўналишда фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ерларга сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш, қуриш ва худди шундай объектлар олишда туман ҳокимлигидан рухсат олишда ёрдам беришини, агар шундай объектлар олса у билан бирга шерикчиликда ишлашини маълум қилади. Раҳмонберди эса  кўпчилик худди шундай корхонаси бор шахслар туман ҳокимлиги билан гаплашиб ҳар бир гектарини 100-200 АҚШ долларидан олаётганлигини айтади. Савдоси чала пишган танишлар орадан бир ой ўтиб, яна хабарлашади.

Элдор унга Жиззах вилоятида сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш фаолияти билан шуғулланувчи таниши борлигини, ўша таниши уларнинг вилоятига келганлигини, уни ўша таниши билан гаплашиб кўришини сўраганлигини, сўнг, орадан бир қанча вақт ўтганидан кейин унинг ёнига нотаниш шахс келиб, ўзини Жиззах вилоятида фаолият юритувчи “DIDIVASH” хусусий корхонаси раҳбари деб таништириб, унинг сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш фаолияти билан шуғулланувчи корхонаси борлигини, шу сабабли унга қулай ва Жиззах вилоятига яқин бўлган Сардоба туманидан худди шу йўналишдаги ерларга сувни тежовчи технологияларни ўрнатмоқчи эканлигини, унга шундай объектларни олишида ёрдам беришини сўрайди. Раҳмонберди эса сувни тежовчи технологияларни қурилишини амалга ошириши учун “Сардоба кластери” билан шартнома тузишига туман ҳокими орқали рухсатини олиб бериши эвазига ҳар бир гектари учун 300 АҚШ долларидан пул беришини, лекин сувни тежовчи технологияларни 20 гектардан қилиб бўлиб қурилиши кераклиги сабабли дастлаб 20 гектар учун 6000 АҚШ доллари беришини айтади.

Ўзинининг қинғир ишига Сардоба туман ҳокимлигининг бир неча мансабдорлари ва ҳоким ҳайдовчисининг номини ҳам араштирган устамон йигит  «харидор» билан кўришиш учун жой белгилайди. Айтилган жойга айтилган пулни яъни  6000 АҚШ доллари пулларни олиб келган “DIDIVASH” хусусий корхонаси раҳбари бир даста 100 АҚШ доллари купюраларидаги пулларни Раҳмонбердига узатади. Шу пайт Раҳмонберди ўтирган автомашина ёнига бир неча нотаниш шахслар келишиб, ўзларини Департамент ва ДХХнинг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари деб таништириб, хизмат гувоҳномаларини кўрсатишиб, фуқаро Мелиевнинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилаётганлигини маълум қилишади.

Қопқонга тушганини тушуниб етган Рахмонберди эса олган 6000 АҚШ долларидан 5000 АҚШ долларини Сардоба туман ҳокимининг ҳайдовчисига олиб бориб бериши кераклигини баён қилиб, вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўлади. Унинг Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи номига ёзган пушаймонлик аризасига асосан ўзининг телефонидан Сардоба туман ҳокимининг ҳайдовчисига қўнғироқ қилиб, унга боролмаслигини, иши чиқиб қолганлигини, ўрнига боллар боришини, 5 та қовун олиб боришини, иш битгунча улар Сардобада қолишини айтади.  5 та қовун деб 5000 АҚШ долларини назарда тутган Рахмонбердининг таклифини ҳоким ҳайдовчиси рад этади ва ушбу масалада ҳокимнинг ўзи билан гаплашиши зарурлигини айтади.

Суд мажлисида ўз айбига тўлиқ иқрор эканлигини баён қилган Раҳмонбердини Сардоба туман ҳокими ва ҳайдовчиси билан таниш бўлсада,  тумандаги ерларга сувни тежовчи технологияларни ўрнатиш борасида улар билан келишуви бўлмаганини тан олди. Судда кўрсатма берган сардобалик мансабдорлар ҳам Раҳмонбердининг қинғир ишига шерик бўлмаганини маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган мазкур иш якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 45,59,61-моддалари тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида, тайинланган ҳар-хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил судланувчи Раҳмонбердига ўташ учун бир йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, бир  йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Энди суд томонидан берилган жазони ўташ вақтида Рахмонберди текин қовунлар фақатгина қопқонда бўлишини англаб етадиган бўлди.

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси