Замонавий «қароқчилар»га ҳукм ўқилди

  Биз бадиий фильмлардагина қароқчилар иштирокидаги воқеъликларни томоша қилганмиз. Ёки детектив асарлар орқали қароқчиларнинг қилмишлари ҳақидаги сюжетларни ўқиганмиз. Лекин сўз юритмоқчи бўлганимиз воқъеликдаги «қароқчилар» кино ёки ҳикояда эмас балки Сирдарё туманида истиқомат қилади.  Энг қизиғи замонавий «қароқчилар» куппа-кундузи далада талончилик қилган ва гуруҳлари ота-болалардан иборат бўлган. Яъни Тўлқинов фарзандлари Баҳтиёр ва Дилшод билан  бир гуруҳ шахслар бўлишиб, тунгги соат 23:00 ларда Сирдарё тумани, “Хикматли” маҳалласи, Соҳил қишлоғида жойлашган фермер хўжалигидаги ўрилган беда прессларни талон-торож қилиш мақсадида, фермер хўжалиги дала майдонига беда прессловчи қишлоқ хўжалиги техникасини олиб киришиб, шу даланинг эгасига  тегишли бўлган бедаларни пресслаш ва даладан олиб чиқиб кетиш ишларини ташкиллаштиришган.

  Даласидаги рухсатсиз ўрим-йиғимни кўриб қолган фермернинг ўғли ота-болаларни тўхтатмоқчи бўлади. Шунда Тўлқинов ўзининг фарзандлари билан бирга унга ҳужум қилиб, қўлларида бўлган бедани йиғиштириш учун олиб келинган паншахадан қурол сифатида фойдаланиб, беда эгасининг дуч келган жойларига уриб, тан жароҳат етказишган. Оқибатда калтакланган шахс хушидан кетади. Паншаха дастаси синиб кетган бўлишига қарамасдан қароқчилар дўппослашда давом этган ва ер эгасини  беда пресслаш учун олиб келинган ип билан қўл ва оёқларини боғлаб, бедани очиқдан-очиқ талон-торож қилишни давом эттиришган.

  Ҳодиса содир бўлган жойга зудлик билан ички ишлар бўлими ходимлари етиб келган бўлишига қарамасдан Тўлқинов ўзиники бўлмаган 12 гектар ер майдонидан ўрилган ҳар бирининг нархи 22.000 сўмдан бўлган жами нархи 41.800.000 сўмлик 1.900 та пресс бедаларни талон-торож қилиб, дастлабки тергов жараёнида шахсини аниқлашни имкони бўлмаган фуқароларга сотиб юборган.

  Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган ушбу жиноий ишга оид суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, ер эгаси бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, чап қулоқ сурпаси ва ўнг энса соҳаси гематомаси ва эзилган жароҳатлар, бош париэтал минтақасидаги гематома ва қонталашлари, кўкрак қафаси ва ўнг елка соҳасидаги қонталаш ва гематомалар, чап елка олди соҳаси, билак, тирсак ва бел соҳасидаги ҳамда чап товон, думғаза соҳасидаги шилинма, гематома ва қонталаш каби жароҳатлар соғлиқни қисқа муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган енгил шикаст эканлиги аниқланган.

  Буниси ҳам етмагандек, «қароқчилар» сардори Тўлқинов суд мажлисида, айбига иқрорлик билдирмасдан, ушбу фермер хўжалигини раиси уни акаси эканлигини, ушбу беда дала майдонида бедани пресслаш ишлари бўлаётганлигини, лекин ўша дала майдонида ким ишлаётганлигини билмаганлигини, у ерда бир ўзи бўлганлигини, шу вақти унга нотаниш бўлган бир одам “сен Одилмисан!” деб қўлидаги пичоғи билан ташланиб қолганлигини, уни пичоқ билан ўлдириб қўйиши мумкин бўлганлигини ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ер эгасини боғлаб қўйганлигини  билдириб, адолатли қарор қабул қилишни билдириб кўрсатув берди.

  Лекин дастлабки терговда тўпланган ва суд муҳокамасида текширилган далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувлари билан  мазкур жиноят ўз исботини топди.

  Натижада замонавий «қароқчилар»нинг сардори  Тўлқинов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли топилиб, унга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг ўғиллари Баҳтиёр ва Дилшод ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  164-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли топилиб, уларга тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шу зайлда суднинг ҳукми билан замонавий «қароқчилар»нинг ҳикояси ўз якунига етадиган бўлди.

Сайдулла Раззоқов

Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг раиси