Чақалоқ савдоси энг қабиҳ жиноятлардан биридир

Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу-орзу ва интилишлар билан яшайди. Лекин жамиятда шундай инсонлар ҳам борки, арзимаган моддий манфаат йўлида ўз жигарбандини сотмоқчи бўлади. Яхшиямки, инсон қадри ҳамма нарсадан устун турадиган мамлакатимизда шу каби жирканч савдога қўл урганларга нисбатан жазо қатъиян белгиланган. Кейинги йилларда чақалоқлар ва болалар савдоси сурункали равишда ортиб бораётгани эса барчамизни огоҳликка чорлайди.

Масалан 2021-2022 йиллар давомида Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 4 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, 5-нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу жараёнда чақалоқни сотганларга ҳам, уларни сотиб олганларга ҳам, шунингдек, ўртада воситачилик қилганларга ҳам қонуний чоралар кўрилган. Ачинарлиси воситачиларнинг айримлари тиббиёт вакиллари бўлиб чиқмоқда. Ҳозирги жиноятлар таҳлилидан келиб чиқсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча, никоҳсиз туғиб қўйган қизлар фарзандларини сотиши ҳолатлари аниқланган. Ҳомиладор бўлиб қолганини ота-онасидан яширади, маҳалла-кўйдан яширади. Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотиш ҳолатлари кўп.

Чақалоқ савдосининг кўпайиб бораётганига аксарият ҳолларда боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани, моддий кўмакка муҳтожлиги ёки турмуш қурмаган қизларнинг ҳомиладорлигини оиласидан яширишга уриниши сабаб бўляпти. Бундан ташқари, у фарзанд кўрмаган оилаларда чақалоқларни сотиб олишга эҳтиёж катталиги, болани сотишдан юқори моддий манфаат топиш имкони мавжудлиги афсуски ушбу муаммонинг илдиз отишига замин яратяпти.

Сирдарё вилояти перинатал марказида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида ҳам судьялар ва Адлия бошқармаси мутахассислари томонидан юқоридаги маълумотлар ва таҳлиллар ҳақида алоҳида сўз юритилиб, тиббиёт ходимларига  профилактика мақсадида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек қонунчиликда чақалоқ савдоси билан шуғулланган ва воситачилик қилганларга нисбатан қўлланиладиган жазо турлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтилди. Зеро бу турдаги жиноятга қўл урган шахс учун суд томонидан берилган  ҳар қандай жазодан ҳам оғири бу жамиятнинг нафратидир.

 

Алишер Эргашев

Сирдарё вилоят судининг судьяси