Тадбиркорларга 500 минг АҚШ долларигача кредитлар ажратишга рухсат берилди

Гулистон туманлараро иқтисодий суди томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр суд мажлисида Сирдарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва Гулистон шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг хўжалик юритувчи субъектларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалари асосида қўзғатилган 8 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилди ва хал қилув қарорлари қабул қилинди. Давлат солиқ бошқармаси ва шаҳар солиқ инспекцияси ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган сайёр суд мажлиси якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил   6 апрельдаги “Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-97-сон Фармонининг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам тушунчалар бериб ўтилди.

Яъни иқтисодий суд судьялари томонидан Фармоннинг мақсади ташқи савдони тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини янада кучайтириш орқали юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини кенгайтириш эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек ни, 2023 йил 1 апрелга қадар маҳаллий корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га Европа Иттифоқи давлатларига юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини   70 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилишини; қўшни давлатларга экспорт қилинган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилиши борасида ҳам маълумотлар берилди давра суҳбатида.

Мазкур Фармонга асосан мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилиши ҳам ўзига хос янгилик бўлди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (махсус турдаги товарлардан ташқари), ишлар ва хизматлар экспортини шартнома тузмасдан ҳисобварақ-фактуралар (инвойслар) асосида амалга оширишда талаб этиладиган олдиндан тўлов миқдори 100 фоиздан 50 фоизга камайтирилиши ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Мазкур Фармонга асосан ҳукумат комиссиясига маҳаллий экспортчи корхоналарнинг мурожаатларига асосан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайтариш муддатини яна олти ойгача узайтириш ваколати берилганлигини, бунда, ушбу кредитларни қайтариш муддатининг ўзгартирилиши Марказий банк томонидан кредит шартлари қайта кўриб чиқилган активлар сифатида ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилганлигини, «Божхона омбори» режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашни тақиқловчи тартиб бекор қилинганлигини, ёшлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, шу жумладан инновацион технологияларга асосланган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида Ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уларга 500 минг АҚШ долларигача кредитлар ажратишга рухсат берилганлигини, инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига 2023 йил 1 январга қадар Ҳукумат комиссияси хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмларини жорий қилиш ваколати берилганлиги тадбиркорларга маълум қилинди. Ҳуқуқий тарғбиот давомида тайёр маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш, шунингдек, импорт шартномалари қийматларини сунъий равишда ошириш, ички бозорга сифатсиз маҳсулотлар кириб келиши ва контрабанда ҳолатларининг олдини олиш чоралари мазкур Фармонда назарда тутилганлиги ҳақида ҳам давра иштирокчиларига маълумот бериб ўтилди.

Хусан Набиев

Гулистон туманлараро иқтисодий судининг раиси