Судлар фақатгина жиноятга жазо тайинловчи орган эмас

Сирдарё вилоят судларининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вилоят суди раиси А.Худойбердиев сўнгги йилларда суд тизимидаги ислоҳотлар ҳақида гапириб, бугун судларга фақатгина жиноятга жазо тайинловчи орган сифатида қаралмаслигини балки, бугунги суд тизими жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари билан ҳам курашаётгани, профилактика борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошираётганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, Сирдарё вилоят маъмурий судларининг 2022 йил январь-июнь ойларидаги фаолияти давомида Гулистон туманлараро маъмурий суди томонидан биринчи инстанцияда жами 461 та оммавий низо ва материаллар кўриб тамомланган. Жорий йил биринчи ярмида 2021 йилнинг ушбу даврига нисбатан оммавий низоларнинг кўрилиши 105 фоизга ошган. Иш тоифалари таҳлили шуни кўрсатдики, 285 та оммавий низодан, аксарият қисми, яъни 216 таси маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш, 46 таси маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органини мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф, деб топиш ҳақидаги ишларга тўғри келган. Маъмурий судлар томонидан ўтган давр давомида 137 та, яъни 2021 йилнинг биринчи ярмида қаноатлантирилган 43 та маъмурий ишга нисбатан 94 тага кўп бўлган иш қаноатлантирилган, ярим йилда ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 3,2 баробарга кўп фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 6 ойда жами 1 032 нафар шахсга нисбатан 784 та жиноят иши мазмунан кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган жиноят ишларини 2021 йилнинг 6 ойи билан таққосланганида 24,5 фоизга ошган.

Мазкур даврда судланган шахсларнинг жами 321 нафари ёки 38,3 фоизини ёшлар, 75 нафари ёки 8,9 фоизини аёллар, 17 нафари ёки 2,0 фоизини вояга етмаганлар ташкил этмоқда.

Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судлари томонидан 1-ярим йиллик давомида ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган ишлар билан бирга жами 11 167 та фуқаролик иши келиб кўрилган. Унинг 9 455 (5366) таси тамомланган. Ишлар сони ўтган йил билан солиштирилганда, 76,2 фоизга кўпайган. Тамомланган ишлардан 7788 таси қаноатлантирилган, 373 таси рад қилинган, 146 таси иш юритишдан тугатилган, 1148 таси бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган.

2022 йилнинг 6 ойи давомида вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро иқтисодий судларининг иш юритувига ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган ишлар билан бирга 5000 та иқтисодий иш мавжуд эди. Иқтисодий ишлардан 2744 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Ярим йиллик фаолият таҳлилидан сўнг журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

                                                   Сирдарё вилоят судининг матбуот хизмати