Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича тушунтиришлар берилди

Сирдарё туманидаги Тараққиёт махалласида судьялар, ҳоким ёрдамчилари, туман ҳокимлиги масъул ходимлари иштирокида учрашув ташкил этилиб, Олий суд томонидан тайёрланган методик қўлланмалар очиқ электрон танлов ғолиби бўлган фуқароларга топширилди, ҳамда уларга тегишли тушунтиришлар берилди.

Бугунги кундаги шароит ва имкониятларни тўғри тушунган фуқароларимиз ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто, шундай хонадонлар борки, йиллар давомида ўзига тегишли ерларни оиласининг асосий даромад манбаига айлантирган.

Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият мавжуд.

Шу муносабат билан Президентимиз томонидан аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг моддий фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумати томонидан ушбу йўналишда бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида 2022 йилда пахта ва ғалладан бўшаган 80 минг гектар ерлар аҳолига бўлиб берилди.

Ушбу ерлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилди. Бунда, асосий мезон – ердан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари этиб белгиланди.

Ердан унумли фойдаланиш оилавий бизнес учун жуда қулай десак муболаға бўлмайди.

Ишонамизки, Сизга давлат томонидан аҳолининг кенг қатламларини меҳнат билан банд қилиш орқали камбағалликни қисқартириш, аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида ажратилган ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланасиз.

Акс ҳолда деҳқон хўжалиги ердан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилинади. Буни ҳар бир деҳқон қонуний тушуниши керак.

                                                        Нодирбек Сангиров

Сирдарё туманлараро иқтисодий суди судьяси