Гугурт қутисидаги оғу

Олдиндан тезкор кузатувга олинган бошқарувидаги “Нексия-2” русумли енгил автотранспорт воситаси М-34 йўлининг Тошкент-Гулистон йўналиши бўйича, Гулистон шаҳрига киришда жойлашган кўприк яқинида, вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари иштирокида тўхтатилди. Бобур (исми ўзгартирилган) автомашинасини нега тўхтатишганини англаб етсада,  ҳуқуқ тартибот органларини чалғитмоқчи бўлди. Чунки у бошқарувидаги  автомашинасига гиёҳванд моддаларни гугурт қутисига солган ҳолда яширган эди. Лекин унинг бу уддабуронлиги қўл келмади. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида  олд чап эшик тутқич қисмида 1 дона оқ рангли қоғоз парчасига ўралган, ўзига хос специфик ҳидга эга, қуритилиб майдаланган ҳолдаги гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш модда борлиги аниқланди. Шунингдек, икки дона “Спички” ёзувли гугурт қутисига ҳам қоғоз парчаларига ўралган ҳолдаги яшил рангли, ўзига хос специфик ҳидга эга бўлган, қуритилиб майдаланган ҳолдаги гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш моддалар ҳамда бир дона кесилган блестирдаги “Регапен 300 мг” номли кучли таъсир қилувчи тиббий дори воситалари топилди. Бобур ўз режасини иш бермаслигини тушуниб қолди ва автомашинасидан топилган гугурт қутисидаги оғуларни  ташлаб юборишга уринди. Лекин улгурмади. Ҳуқуқ тартибот органларининг  ходимлари томонидан ушбу ашёвий далиллар холислар иштирокида баённома расмийлаштириб олинди. Бу ҳам етмаганидек, ўтказилган профилактик суҳбатлар натижасида, Бобур ўзининг яшаш хонадонидаги эски буюмлар остига беркитилган, қуруқ ҳолда, ўзидан специфик ўткир ҳид тарқатувчи, “марихуана” гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш моддани ўз ихтиёри билан тақдим этди.

Шундай қилиб, гугурт қутисига оғуни беркитган Бобур кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятларни қасддан содир қилганликда айбланди.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида Бобур ўз айбини тўлиқ тан олиб, ушбу гиёҳвандлик воситаларини муқаддам узиб олиб, қуритиш учун ташлаб келганлигини, узиш учун борган вақтида ҳиди жуда ўткир бўлганлигини, шу сабабли қуриганидан сўнг, ҳиди камайишини ўйлаб ўша ернинг ўзига қуритиш учун ташлаб келганлигини, гиёҳвандлик воситаларини узганидан сўнг, целлофанга солиб, ўша жойни ўзига ўт ўланлар орасига жойлаштирганлигини, гиёҳвандлик воситасини олиш учун борган вақтида гугурт қутисига жойлаштирганлигини маълум қилди.

Суд Бобурга Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан тунги соат 22:00дан тонги соат 06:00га қадар яшаш хонадонини тарк этиши чекланган ҳолда, уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Гугурт қутисининг вазифаси гиёҳванд моддаларни сақлаш эмас балки  гугурт доналарини бир жойда жамлаш эканлигини Бобур энди яхши тушуниб оладиган бўлди. Зеро, озодликни чеклаш жазосини ўташ мобайнида у  ҳаётдан кўплаб  сабоқ олиши аниқ.

Музаффар Омонов

Жиноят ишлари бўйича Гулистон

шаҳар судининг судьяси