БОСҚИНЧИГА НИСБАТАН СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Халқимизда “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деган нақл бор. Абдухолиқ (исми ўзгартирилган) муқаддам уч маротаба судланган, охирги маротаба судланганида ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг инсонпарварлик, одиллик принциплари қўлланиб, унга нисбатан ички ишлар органининг тақдимномаси қаноатлантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси қўлланиб жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган эди. Гарчанд Жиноят кодексининг 78-моддасига асосан судланганлик ҳолати тугалланган бўлсада, бироқ Абдухолиқ бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Аксинча яна жиноят йўлини танлади. Яъни  маст ҳолатда, Холиданинг (исми ўзгартирилган)  яшаш уйи орқа томонидаги зовур бўйида ўтирган вақтида унинг олдига бориб,  куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлади.  “Samsung А20” русумли телефон аппаратини талон-торож қилиш мақсадида унга ҳужум қилиб, танасининг дуч келган жойларига қўл ва оёқлари билан уриб-тепиб тан жароҳати етказди. Холиданинг ҳушидан кетганидан фойдаланиб, шу атрофдаги бетон тўсиқнинг илмоғига Холиданинг эгнидаги кўйлагини йиртиб ечиб олиб, ушбу кўйлакнинг бир қисми билан бўйнидан, бир қисми билан қўллари, бир қисми билан оёқларини боғлаб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш орқали  телефон аппаратини қўлга киритиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган. Олиб борилган терговга қадар текширув давомида Абдухолиқдан Холидага тегишли бўлган телефон аппарати далилий ашё сифатида баённома асосида олинган. Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судининг очиқ суд мажлисида кўрилиб, Абдухолиқнинг шахси, айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноятни маст ҳолатда содир этганлиги, жабрланувчининг даъвоси борлиги инобатга олиниб, беш йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фазлиддин Сувонқулов
жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судининг раиси