Қидирув:

Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди

Даъвогар Абдурахманов фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Абдурахманова билан ўрталаридаги никоҳдан ажратишни сўради. Судда маълум бўлишича, ушбу эр-хотин 2016 йил 22 август куни қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган ва биргаликдаги никоҳларидан  беш ёшли бир нафар фарзанди бор. Даъвогар эр жавобгар  хотини билан турмушининг бошидан яхши яшаганлиги, бироқ кейинчалик ўрталарида оилавий келишмовчиликлар келиб чиққанлиги сабабли икки йилдан буён бирга яшамасдан келишаётганлигини маълум қилиб, даъвони қаноатлантиришни сўради. Унинг турмуш ўртоғи  ўзининг тушунтиришида даъвогар эри билан бир оила бўлиб яшаш нияти йўқлигини маълум қилиб, суддан ўртадаги қонуний никоҳдан ажратишни сўради. Суд тарафларнинг тушунтиришини тинглаб, иш ҳужжатларини атрофлича таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 16-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим. Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва
тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди. Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.
Суд юқоридаги Пленум қарори талабидан келиб чиқиб, даъвогарнинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризасини муҳокама қилиб, тарафларнинг бир нафар фарзанди борлиги, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасида эканлигини, суд тарафларнинг ярашганликларини инобатга олиб даъвогарнинг жавобгарга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвосини рад этишни лозим деб топди. Яъни Даъвогар  Абдурахмановнинг жавобгар Абдурахмановага нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвоси қаноатлантиришдан рад этилди.  Ҳал қилув қароридан норози тараф бир ой муддат ичида шу суд орқали Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришга  ҳақли эканлиги тушунтирилди. Лекин  олти йил бирга яшаган эру-хотин суддаги муҳокама ва қарордан тўғри хулоса чиқариб ажрашиш учун  судга яна даъво қилиб келмаса яхши бўларди.

Шаҳноза Муҳамматқулова

Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманларо судининг судьяси

Фарзандларини онасига бергиси келмаган ота

«Муомаласига қараб мен ҳам муомала қиламан: инжиқ, ҳарактери бўлмағур… ‘набород’ болаларга ёмон таъсирини ўтказаяпти бу аёл!» — Сирдарёда 4 нафар фарзанди бўлган 22 йилллик оила ярашди.

 

Оила муқаддас даргоҳ — уни асраб авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир

Сирдарё туманида «Яраштириш комиссияси» томонидан ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар иштирокида «Оила муқаддас даргоҳ — уни асраб авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир» мавзусида тадбир ташкил этилди.

Ажралишлар сабаби чуқур ўрганилганда, фарзандсизлик, ота-оналар аралашуви, ўзаро келишмовчилик, хиёнат каби омиллар сабаб бўлаётганлиги аниқланди.

Тадбирда ажралиш ёқасида бўлган 7 та оила вакиллари билан индивидуал тарзда суҳбат ўтказилиб, якунда 1 та оилага ажралиш учун ҳулоса берилди. 6 та оила вакилларини ярашиб олишлари учун қўшимча муҳлат берилди.

Жўрабек Худойназаров

фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг раиси

Оилани асраш бу жамиятнинг масаласидир

Гулистон шаҳар “Наъмуна”  маҳалласи биносида  бўлиб ўтган давра суҳбатида ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш борасидаги ишлар муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-87-сонли Фармони юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.  Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг раиси, шаҳардаги маҳаллаларнинг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда мутахассислари,  фаоллари ҳамда  ажрим ёқасидаги оилалар иштирок этишди.  Тадбирда сўз олганлар  нотинч ва муаммоли оилаларни келтириб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларни яраштириш ишларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар  ҳам тахлил қилинди.  Айниқса  ёш оилаларининг арзимас келишмовчиликлари ажримларга сабаб бўлмаслиги учун “Бир болага етти маҳалла ота-она” деганларидай ҳар бир ёш оила катталарнинг назоратида  бўлмоғи лозимлиги ва нуроний отахон ҳамда онахонларимизнинг насихатлари кераклигига алоҳида урғу бериб ўтилди. Тадбирда оилалардаги келишмовчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда асосан характерлари бир-бирига тўғри келмаслиги, оилада моддий етишмовчиликлар, оилага учинчи шахсларнинг аралашуви, оилада бир-бирига ишончи йўқолиши ва бир қатор сабаблар бўлаётганлиги афсус билан айтиб ўтилди. Бундан ташқари, қонунчилигимизда никоҳдан ўтувчиларга тиббий кўрикдан ўтишлари белгиланган,. Чунки соғлом оила-бу келажак пойдеворидир.

Афсуски, бугунги кунда ёш оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолишларига эр ёки хотиннинг хасталиги сабаб бўлаётган холатлар ҳам айтиб ўтилди. Даврада  иштирокчиларнинг билдирган фикр мулоҳазалари, ҳаётий мисолларидан тўғри хулоса қилиб, шаҳарда истиқомат қилувчи ажрим ёқасига келиб қолган икки нафар оилалар ярашишга қарор қилди.

Нарзулла Муратов

фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг раиси

Skip to content