Спиртли ичимлик сабаб яна бир автоҳалокат содир этилди

Асли Тошкент шаҳридан бўлган  Азизжон  соат 20:20 ларда яқин дўстига тегишли бўлган “COBALT” русумли  автомашинани спиртли ичимлик истеъмол қилиб бошқаришга киришади. Оқибатда  Гулистон шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласи  ҳудудидан кесиб ўтувчи «Хондамир» кўчасидан ҳаракатланиб келиб, ўзи билан бир йўналишда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган Гулистонлик    Аббосхонни  орқасидан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилади.  18 ёшли Аббосхон эса  олган тан жарохатлари оқибатида Сирдарё вилоят тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этади. Судга оид тиббиёт экспертизасининг  хулосасига кўра, Аббосхоннинг ўлимига ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати сабаб бўлган. Судга оид автотехника экспертизасининг хулосасига кўра эса ҳайдовчи  60-70 км/соат тезликда ҳаракатланиб бораётган “COBALT” русумли  автомашинани ходиса шароитида  кескин тормозлаш билан тўхтатиб, ҳодисани олдини олиш имкониятига эга бўлган. Лекин мастлик ҳолати ҳайдовчининг бундай имкониятни қўлдан бой беришига хизмат қилган. Шу тариқа  Азизжон  ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган. Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман судининг ҳукмига асосан  судланувчи Азизжонга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан икки йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, уч йилу- олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Спиртли ичимликни истеъмол қилган шахсга автомашина рулини бошқариш мумкин эмаслигини била туриб ўзини бошқара олмаган ҳайдовчи суд томонидан шу тариқа жазоланди. Жазо муддати тугаб Азизжон озодликка чиқиши ва оиласи бағрига қайтиши мумкин, лекин яхши ният билан йўлга отланган велосипед ҳайдовчисини энди ҳаётга қайтариб бўлмайди.  Шундай экан, ўзимизнинг нотўғри ҳатти-ҳаракатларимиз билан бошқарувимиздаги автотранспорт воситасида кимгадир зарар етказишимиз мумкинлигини ва бу жамият учун  йўқотишларга ҳам сабаб бўлиб қолишини ўйласак  қурбонларни келтириб чиқарувчи автоҳалокатларнинг олдини олган бўлармидик? Хулоса ўзингиздан.

Шуҳратжон Исмоилов

Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман судининг раиси