Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти ислоҳ қилинади

“Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тасдиқланди.

“Тараққиёт стратегияси”да мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш энг устувор, муҳим ва долзарб йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Мазкур дастурий ҳужжатда белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январь кунидаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга кўра, суд қарорларининг қонунийлигини, асослилигини ва адолатлилигини текшириш институти ислоҳ қилиниши назарда тутилган.

Хусусан, суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида:

– туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

– вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

– вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

– юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш каби қонун ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган.

Бундан асосий мақсад “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилиши, шунингдек, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришишдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, Фармонда белгиланган вазифалар ва мазкур вазифалар асосида қабул қилинадиган қонун ҳужжатлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, мамлакатимизда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш учун замин яратади.

Собир Рустамов
Сирдарё вилоят маъмурий судининг судьяси