КЕЛИШУВ БИТИМИ ВА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВ БИР-БИРИДАН НИМАСИ БИЛАН ФАРҚ ҚИЛАДИ?

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида, низоларни ўзаро тинч (дипломатик) йўл билан ҳал қилиш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда келишув битими ва медиатив келишув институтлари муҳим аҳамият касб этади.

Хўш, уларнинг қандай умумий ва фарқли жиҳатлари мавжуд? Буни билиш учун аввало келишув битими ва медиатив келишув тушунчаларига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Келишув битими – ўзаро келишишга асосланган ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг ёзма келишуви ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил
18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги 204-сон қарори 2-бандида берилган тушунтиришга кўра, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
4-моддасига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатив келишув эса — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.

Уларнинг умумий жиҳати шундаки, иккиси ҳам низоларни тинчлик ва муроса (дипломатик) йўл билан ҳал қилишга қаратилган низоларни муқобил ҳал қилиш усулидир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 131-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Фарқли жиҳатлари эса талайгина бўлиб, қуйида уларни алоҳида таҳлил қиламиз.

Аввало, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида (ҳаттоки, ишларни апелляция ва кассация инстанциясида кўриш босқичларида ҳам) ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин (ИПК 131-модда);

иккинчидан, келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади, медиатив келишувни эса тасдиқлаш талаб этилмайди;

учинчидан, суд томонидан келишув битимининг тасдиқланиши иш юритишни тугатишга асос бўлади, шу сабабли айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди (ИПК 110, 111-моддалар). Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, бундай ҳолатда даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли (ИПК 107, 109-моддалар);

тўртинчидан, тарафлар ўртасида келишув битими бўйича шартлашилган мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Шу сабабли, келишув битимида мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари кўрсатилиши керак, шунингдек келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан (неустойка)дан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин. Келишув битимининг унда белгиланган тартиб ва муддатларда ижро этилмаслиги суд томонидан манфаатдор тарафнинг аризаси бўйича ижро варақаси бериш учун асос бўлади. Медиатив келишувда эса, гарчи тарафлар маълум мажбуриятларни бажариш ҳақида келишган бўлсалар-да, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шунга кўра, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар такроран судга мурожаат этишга ҳақли;

бешинчидан, агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, умумий тартибда ҳал этади. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилиб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган тақдирда эса, даъво аризаси тақдим этишда олдиндан тўланган давлат божи даъвогарга қайтарилади (“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 18-модда).

Мухтасар қилиб айтганда, келишув битими ва медиатив келишув институтлари тарафларга ўрталарида юзага келган низоли масалаларни ўзаро келишув, дипломатик йўл билан ҳал қилиш усуллари бўлиб, алал оқибат низоли вазиятнинг муросаи-мадора йўли билан барҳам топилишига хизмат қилади.

 

Элёрбек Соибназаров

 Сирдарё вилоят суди судьяси